АҚШ: Жеймс Доббинс Афғонистон ва Покистон бўйича элчи этиб тайинланган

Image caption Жеймс Доббинс бунгача ҳам АҚШнинг Афғонистондаги махсус элчиси бўлган.

Америкалик фахрий дипломат Жеймс Доббинс Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон ва Покистон бўйича янги махсус элчиси бўлиши эълон қилинди.

Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Жон Керри маълум қилган.

Жеймс Доббинс номзодининг Сенатдан тасдиқланиши талаб қилинади, бироқ америкалик расмийлар жаноб Доббинснинг қисқа фурсат ичида Марказий Осиёга сафарини бошлашига шубҳа қилмаяптилар.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус элчиси лавозими ўтган йили декабридан бўш эди.

2010 йил декабригача таниқли америкалик дипломат Ричард Холбрук махсус элчи бўлган, бироқ унинг тўсатдан вафоти ортидан Марк Гроссман тайинланган эди.

Жеймс Доббинс Президент Жорж Буш маъмурияти даврида АҚШнинг махсус элчиси бўлган ва 2001 йил охирида Толибон қудратдан ағдарилганидан кейинги янги Афғонистон ҳокимиятини барпо этишга бағишланган Бонн анжуманида у Вашингтон вакили сифатида иштирок этган эди.

Жаноб Доббинс Босния ва Ҳаити сингари "қайноқ нуқталар"да элчилик қилган, У АҚШ Давлат котибининг Оврўпо масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимини эгаллаган.