АҚШ ва Россия Сурияга бағишланган анжуман ташкил қилишга келишди

Россия ва Қўшма Штатлар Сурия можаросига сиёсий ечим топиш учун халқаро анжуман чақиришга келишганлар.

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Давлат бош котиби Жон Керри ўртасида кечган музокаралар ортидан эълон қилинган.

Москвада Керри жаноблари билан қўшма матбуот анжуманида гапирган Сергей Лавровга кўра, икковлон Сурия ҳукумати ва исёнкорларни қон тўкишни тўхтатишга ундаш керак деган тўхтамга келишган.

Жаноб Керрининг айтишича, улар "ҳар икки томонни музокаралар столига олиб келиш"га уринишади.

Ўтган икки йилда Сурия масаласидаги фарқлар боис Москва ва Вашингтон муносабатларида таранглик кузатилганди.

Жон Керри Сурияга бағишланган халқаро анжуман жорий ой охирларида бўлиб ўтиши ва муваққат даври ҳукумати тузилишига умид билдирган.

Аввалроқ, Америка Давлат котиби Вашингтон ва Москванинг Суриядаги манфаатлари ўхшаш экани ва ҳар икки томон ҳам минтақада барқарорликни тарғиб қилиш ҳамда экстремизм ёйилишига йўл қўймасликни исташини айтганди.