АҚШ: 'Сурияда Ассадга ўрин бермаймиз'

Image caption АҚШ давлат котиби Сурия келажагида Президент Ассадга ўрин йўқлигини айтди

Оврўпо ва Яқин Шарқ бўйлаб сафар қилаётган АҚШ давлат котиби Сурия масаласида "барча тарафларни қониқтирадиган ўтиш даври ҳукумати устида ишлаш" режаларини эълон қилди.

Бироқ айни сиёсий жараёнда Суриянинг иқтидордаги президенти Башар ал-Ассад учун ўрин бўлмаслигини таъкидлади.

"Бизнинг хулосаларимиз бўйича, Президент Ассад янги ўтиш даври ҳукумати таркибида бўлмайди" - деди ўз фикрини очиқлаб Жон Керри.

"Президент Ассад Сурияни бошқаришда давом этишига бу мамлакат мухолифати ҳеч қачон йўл қўймайди ва бунга ҳеч ким шубҳа ҳам қилмайди".

АҚШга кўра, Суриядаги мавжуд тузумни қўллаб келаётган Россия ҳам муросага бормоқда.

Жон Керри жаноблари Москва ҳам "аниқ бир одам боғланиб қолмаганини ва ўтиш даври ҳукумати ғоясини қўллашини" билдирганини урғулади.

Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия ҳар вақт Башар ал-Ассадга қаттиқроқ босим ўтказиш ва ё унга қарши урушаётган сурия мухолифатини қўллаб-қувватлаш режаларига тўсқинлик қилиб келган.

Аммо жорий ҳафта Москвада Кремль раҳбарлари билан учрашган Жон Керри Суриядаги вазиятни ҳал этиш бўйича АҚШ таклиф этган махсус анжуман ғоясига Россия тарафи ижобий муносабат билдирганини қайд этди.

Вашингтон ҳозир Москва томонидан Ассад тузумига ҳарбий қурол-аслаҳа етказилмаслигига эришишни ҳам мақсад қилиб қўйган.

Image caption Президент Ассадга қарши курашаётган исёнкорларга Ғарб ҳарбий ёрдам бермоқчи

Аммо АҚШ эндиликда Президент Ассадни қулатиш учун курашаётган Сурия мухолифатига ҳарбий ёрдам бериш ниятини очиқ-ойдин билдирди.

Икки йилдан ошдики, Сурия президенти Башар ал-Ассад тузумига қарши бош кўтарган халқ ғалаёни катта уруш тусини олди.

Ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий маънода анча ёпиқ ва ўта қаттиққўллик билан бошқарилган Сурияда ҳеч ким бу қадар кўп қони тўкилиши ва ғалаён узоққа чўзилиб, катта урушга айланиб кетишини кутмаганди.

Сабаби - яккаҳоким бошқарув ва бир ҳовуч элита бошқариб келган Сурия минтақадаги энг барқарор ва тинч мамлакат, деб урғуланарди.

Аммо "Араб баҳори" бу юртда ҳамон ўтиб кетмади. Ўтган даврда 70 минг инсон қурбон бўлгани айтилади.

Бир ярим миллион суриялик жонини сақлаш илинжида қўшни Иордания, Туркия ва ҳатто Ироққа қочиб ўтишга мажбур бўлишди.

БМТга кўра, мамлакат ичкарисида ҳам камида 4 миллион одам уй-жойини ташлаб қочган ва мамлакатнинг бошқа минтақаларда сарсон-саргардонда яшамоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ