Тамерлан Царнаевнинг дафн этилганидан виржинияликлар норози

Image caption Досуэллдаги мусулмонлар қабристонида икки янги қабр пайдо бўлган, бироқ уларнинг қайси бири Царнаевники эканлиги аниқ эмас.

Бостон портлашларини уюштиргани гумон қилинган Тамерлан Царнаевнинг жасади Виржиниядаги мусулмонлар қабристонига кўмилган.

Айни пайтда Виржиния штати ҳукумати Тамерлан Царнаевни тупроққа топширишда белгиланган қонунларга амал қилинганини текшираётгани айтилади.

Ассошиэйтед Пресснинг билдиришича, Виржиния расмийлари Царнаевнинг қабри Қўшма Штатларга душманона кайфиятда бўлганлар учун зиёрат жойига айланиб кетишидан хавотирдалар.

Уларга кўра, агар қонунбузарликлар аниқланса, Царнаевнинг жасади Досуэлл туманидаги мусулмонларнинг кичик қабристонидан чиқариб, бошқа жойга кўмилиши мумкин.

Шунингдек, маҳаллий мусулмонлар жамоаси вакиллари ҳам Царнаевнинг дафн этилганидан норози бўлиб гапиришган.

Уларнинг айтишича, дафн маросими ҳақида ҳеч ким уларга хабар қилмаган. Виржиния Ислом марказининг имоми Аммар Амонат эса "ҳамма нарса уларнинг елкаси оша бажарилгани"ни ва дафн этилган жой ўзини оқламаслигини таъкидлайди.

19 апрелда Бостон чеккасида полиция билан отишмада ҳалок бўлган Царнаевнинг жасадини кўмиш учун бир нечта штат қабристонлари унинг қариндошларига рад жавобини беришган.

Фақат 9 майдагина унинг жасади тупроққа топширилгани аниқ бўлди.

Кейинроқ аниқ бўлишича, исломий тартиблар асосида дафн маросими ташкил қилишда виржиниялик Марта Маллен исмли аёл Царнаевнинг қариндошларига кўмаклашган.

Ассошиэйтед Прессга гапирган Маллен буни "Исо душманларини севишни буюргани"ни билан изоҳлаган.

Виржиния мусулмонлар маркази имоми Амонатнинг сўзларига кўра, Марта Маллен дафн маросимини Ричмонддаги Исломий жамият билан биргаликда ўтказган.

Айни пайтда Досуэллдаги мусулмонлар қабристонида икки янги қабр пайдо бўлган, бироқ уларнинг қайси бири Царнаевники эканлиги аниқ эмас.

Америка полициясига кўра, ака-ука Царнаевлар 15 апрелда Бостон марафонида портлашларни уюштирган, унда уч киши ҳалок бўлган, 260 киши жароҳатланганди.

Америка матбуоти ёзишича, Царнаевлар халқаро исломий ташкилотлар билан алоқада бўлган бўлиши мумкин. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.

26 ёшли Тамерлан Царнаев полиция билан тўқнашувда ҳалок бўлган, унинг 19 ёшли укаси Жоҳар Царнаев қўлга олинди.

Кейинроқ қозоғистонлик Диёз Қодирбоев, Азамат Тажаяков ва эфиопиялик Робел Филиппос Царнаевлар билан алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олингани айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ