Туркияда портлашлар 40 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган

Image caption Портлашлар одамлар орасида ваҳимага сабаб бўлган.

Хабарларга кўра, Туркиянинг Сурия билан бир неча чақиримлик масофада жойлашган Райҳонли турк шаҳридаги ҳодисада камида 40 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши тан жароҳати олган.

Туркия Ички ишлар вазирининг билдиришича, Хатан вилоятидаги йирик чегара пости яқинида портловчи моддалар ўрнатилган машиналар портлатилган.

Хатанда минглаб суриялик қочқинлар мавжуд. Улар мамлакатда икки йилдан буён давом этаётган тартибсизликлардан сўнг Райхонли туманига келиб жойлашганлар.

Туркия матбуотига кўра, қатор портлашлардан сўнг шаҳарда ваҳима бошланган. Шаҳар ҳокими портлашдан бир қанча бинолар вайрон бўлганини айтган.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, портлашлардан кейин маҳаллий одамлар суриялик қочқинлар ва уларнинг машиналарига ҳужум қилганлар.

Туркия Ички ишлар вазири Муаммар Гулёр ҳодиса юзасидан ҳукумат текшируви ўтказилишини билдирган. Унга кўра, қурбонлар сони ошиши мумкин.

Туркия Ташқи ишлар вазири Ахмат Довутўғли Туркия ўзини ҳимоя қилишга қодир эканини, хавфсизлик чоралари кўрилишини маълум қилди.

Сурия билан чегарадаги вазият таранг бўлиб қолмоқда. Турк ва суриялик ёшлар бир неча бор тўқнашганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ