Покистон: собиқ бош вазир Навоз Шариф сайловларда кўп овоз олган

Image caption Покистон собиқ бош вазири Навоз Шариф яна қудратга қайтмоқда.

Покистон собиқ бош вазири Навоз Шариф 11 майда бўлиб ўтган парламент сайловларида ўзининг "Покистон мусулмонлар лигаси" партияси ғалаба қозонганини эълон қилди.

Шанба кунги сайловнинг норасмий натижаларига кўра, жаноб Шариф етакчилигидаги Мусулмон Лигаси парламентда кўп ўринни қўлга киритган.

У ўзининг уйида партияси раҳбарлари билан янги ҳукуматни шакллантириш мақсадида мулоқотларни бошлаган.

Жаноб Шариф сўзларига кўра, халқ ўзининг партияси мамлакатга ўзгаришлар олиб кела олишига ишонишларини намойиш этган.

"Натижалар эълон қилиб борилмоқда, лекин катта ишонч билан айтиш мумкинки: Покистон мусулмонлар лигаси кўпчилик овозни қўлга киритади. Эрталабгача вазият ўзгармаслиги учун дуо қилинглар",- деб айтган Навоз Шариф ўзининг Лахордаги фирқа офисида ғалабани нишонлашга йиғилган тарафдорларига қарата.

"Бизга берган яна бир имконияти учун Аллоҳга шукрона айтишимиз керак", деган Навози Шариф ғалабани байрам қилаётганлар қаршисида.

Шу билан бирга, жаноб Шариф ғолиб сифатида сайловдаги рақибларини мамлакатдаги муаммоларни биргаликда ечиш учун ўзаро мулоқотга таклиф этган.

Айни пайтда Марказий сайлов қўмитасида овозларни кўриб чиқиш давом этмоқда, расмий натижалар кейинги ҳафтада эълон қилиниши кутилади.

Марказий сайлов қўмитаси вакилининг билдиришича, миллий ва маҳаллий сайловларга аҳолининг 60-80 фоизи иштирок этган. 2008 йилги сайловларда бу кўрсаткич 44 фоизни ташкил қилгани айтилади.

Покистондаги сайловлар мамлакатнинг 66 йиллик тарихида муҳим ўрин тутиб, илк бор ўтаётган демократик сайлов сифатида қайд этилган.

Кузатувчилар сайловчиларнинг ўта фаоллигини таъкидлашган.

Сайловлар ўтишидан олдин хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган, мамлакатдаги сайлов масканларига 600 мингга яқин ҳарбийлар жойлаштирилган. Лекин шунга қарамасдан, сайловлар қатор портлашлар ва жангарилик ҳужумлари манзарасида бўлиб ўтган.

Террорчилик ҳужумларида 20 киши ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинган.

Олдинроқ Покистон Толибони сайловларни "ноисломий" деб атаб, уни бойқот қилишга чақирган ва ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилган эди.

Сайловлардан олдин Покистон жангариларнинг мамлакатга кириб келишини олдини олиш мақсадида Эрон ва Афғонистон билан чегараларини ёпганини билдирди.

Расмийларга кўра, чегаралар уч кун давомида ёпиқ қолади.

Image caption Навоз Шарифнинг тарафдорлари унинг ғалабасини байрам қилишган.

Навоз Шариф

Собиқ бош вазир Навоз Шариф яна ғалабага эришишгача жуда кўп нарсаларни бошдан кечирди. Ўтган гал қудратдан кетганидан бери у ҳибсга олинган, коорупцияда қатор айбловларга юз тутган, генерал Парвез Мушарраф томонидан давлат тўнтаришини бошдан кечирган ва ниҳоят муҳожиратда яшашга мажбур бўлган. 2007-йилга келиб, унинг Покистонга қайтишига рухсат берилганди. 2008-йил эса, у президент Мушаррафнинг ўзини ҳукуматдан кеткизишга ҳисса қўшди. Ана шуларнинг ҳаммасидан омон чиқиб сайловларда ғалаба қилмоқда. Айтилишича унинг ғалабаси анчайин муайян ва ҳукумат тузишда мушкулликларга дуч келмайди. Кеча ғалабанинг дастлабки белгилари пайдо бўлиши билан унинг оффиси атрофида байрам бошланиб кетди. Навоз Шарифнинг ўзи эса матбуот ўнгига чиқиб, келгуси беш йил мобайнида мамлакатни ҳозирги абгор аҳволдан олиб чиқишга ҳаракат қилишини айтди.

НАТО кейинги йилдан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқар экан, Навоз Шарифнинг тутадиган сиёсати қандай бўлиши кўпчиликни қизиқтиради. Кузатувчиларнинг фикрича, у сайловолди кампанияси давомида ҳарбий сиёсатдан кўра, диний ҳуқуқлар томон ўзини яқин тутган бўлса, келажакда бу сиёсатини кўриб чиқиши керак бўлиши мумкин.

Таҳлилчилар Навоз Шарифнинг ғалабасини унинг мамлакатдаги энергия тақчиллиги муаммоларига эътибор қаратиш ва иқтисодни барқарорлаштириш бўйича берган ваъдалари билан боғлашмоқда. Шунингдек, унинг ғалабаси мамлакатнинг 60 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган Панжобнинг қўллаб қувватлаши билан бевосита боғлиқлиги айтилади. Навоз Шариф келажакда янада кўпроқ дастакка эга бўлиши учун мамлакатнинг бошқа қисмларига ҳам эътибор қаратиши керак.

Навоз Шарифнинг асосий рақиби Имран Хон мухолифат раҳбари бўлиш учун етарли овоз тўплаган. У Пешаворда юқори овоз олишга муваффақ бўлган.

Покистон халқ партияси эса мағлубиятга учраган.

Бундан олдин, собиқ президент генерал Парвез Мушарраф ҳам сайловларда қатнашиш учун Покистонга қайтган, лекин у ҳибсга олиниб, сўнгра сайловларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ