Ака-ука Царнаевлар яна уч қотилликда гумон қилинмоқда

Image caption Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ДНК текширувлари якунларисиз портлашларга кимнингдир алоқадорлиги ҳақида гапириш эрта эканини айтганлар.

Америкадаги ABC телеканали хабар қилишича, Массачусетсдаги терговчилар Бостон портлашларида гумон қилинаётган ака-ука Тамерлан ва Жоҳар Царнаевлар 2011 йил 12 сентябр куни Уилтем шаҳарчасидаги хонадонлардан бирида содир этилган уч инсоннинг ўлимига алоқадорлиги борасида “тобора кўпайиб бораётган” далилларни қўлга киритмоқда.

Бу хонадон Тамерлан Царнаевнинг дўсти Брендан Месснинг квартираси бўлган.

2011 йил 13 сентябр куни уй ичида бўғизланган уч инсоннинг жасади топилган.

Улар 25 ёшли Брендан Месс, 31 ёшли Эрик Уайсман ва 37 ёшли Рафаэл Текенлар бўлган.

Полицияга кўра, жасадларнинг устига марихуана сочиб юборилган, ён-атрофда эса 5000 доллар турган бўлган.

Шунинг учун ҳам полиция эшиги бузилмаган уйдаги қотиллик гиёҳванд мода устидан чиққан жанжал туфайли содир этилган деган қарорга келган ва бу фикр жиноятнинг шу пайтгача синчиклаб тергов қилинмаганига сабаб бўлган.

Boston Globe рўзномасининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига таяниб хабар қилишича, қотиллик қурбонларининг яқинлари илтимосига кўра, терговга яна қаттиқ киришилган.

Қариндошлар ушбу қотилликларга Тамерлан Царнаев ва унинг укаси Жоҳарнинг алоқадорлигини текшириб кўришни сўраганлари хабар қилинмоқда.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ДНК текширувлари якунларисиз кимнингдир алоқадорлиги ҳақида гапириш эрта эканини айтганлар.

АҚШ матбуоти хабарларига кўра, Царнаевларни яқиндан билганлар Тамерлан Бренданни ўзининг энг яхши дўсти деб атагани, бироқ унинг дафн маросимига бормаганини ғалати санаганлари ҳақида айтганлар.

Полиция аниқлашича, 12 сентябр куни кечи соат 9 га яқин телефон орқали Gerry’s Italian Kitchen ресторанига пицца буюртма берилган.

Бироқ орадан 20 дақиқа ўтгач, пицца ташувчи буюртма берилган уйнинг эшигини ҳеч ким очмаганини, қўнғироқ қилинган Эрик Уайсманнинг телефонига ҳам ҳеч ким жавоб бермаганини айтган.

Маҳаллий прокурор Жерри Леон сўзларига кўра, Брендан Месснинг уйи деразаси очиқ бўлган, бироқ қўшнилар ҳеч қанақа шовқинни эшитмаганларини айтганлар.

Прокурор Леон сўзларига кўра, қотилликларни бир эмас, бир неча киши содир этганига ундайдиган бир неча аломатлар бўлган.

15 апрел куни Бостон шаҳрида ўтказилаётган югуриш бўйича марафоннинг финиш чизиғида содир этилган портлашларни ака-ука Тамерлан ва Жоҳар Царнаевлар содир этишда гумон қилинганлар.

Орадан бир неча кун ўтиб полиция билан отишмада 26 ёшли Тамерлан Царнаев ҳалок бўлган ва унинг жасади 10 май куни Виржиниядаги мусулмонларнинг кичик қабристонига дафн этилди.

Укаси 19 яшар Жоҳар Царнаев полиция билан отишмада яраланган ва ҳозир қамоқхона шифохонасида сақланмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ