Швецияда "Овронигоҳ-2013" қўшиқ танлови очилди

Image caption "Овронигоҳ-2012" да швециялик қўшиқчи Лорен "Euphoria" қўшиғи билан ғолиб чиққан эди.

12 май куни Швециянинг Мальмё шаҳрида "Овронигоҳ-2013" қўшиқ танлови расмий тарзда очилган.

Танловнинг асосий қисми эртага, "Мальмё Арена"да бошланади.

Бу йилги беллашувларда Оврўпонинг 39 мамлакати қўшиқчилари иштирок этишади.

"Овронигоҳ" тарихида бешинчи бор қўшиқ конкурси Швецияда ўтказилмоқда. Мальмё шаҳри эса иккинчи бор қўшиқ байрамига мезбонлик қилади.

Ўтган йили Озарбайжон пойтахти Бакуда бўлиб ўтган "Овронигоҳ-2012"да швециялик қўшиқчи Лорин "Euphoria"си билан ғолиб чиққан ва кейинги танлов ўз мамлакатида ўтиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Қўшиқ танловининг бу йилги рамзи капалак бўлиб, камалакнинг етти хил рангида товланади. Танлов шиори эса We Are One, яъни "Биз- биргамиз", деб аталади.

"Овронигоҳ-2013"нинг финал концерти 18 май, шанба куни бўлиб ўтади.

Ҳар ҳили қайсидир мамлакат турли сабаблар билан танловда қатнашишни рад қилиш ҳоллари учрайди. Бу йил Португалия, Босния ва Герцоговиния, Словакия ва Туркия давлатлари қўшиқчилари қатнашмасликлари маълум бўлган. Озарбайжонда ўтган танловда қатнашишни истамаган Арманистон давлати эса "Овронигоҳ" га қайтган.

Россияни бу йилги беллашувда "Голос" қўшиқ танловининг ғолиби Дина Гарипова "What If"қўшиғи билан тақдим этади. Россиянинг "Голос" танловида ўзбекистонлик қўшиқчи Севара Назархон ҳам қатнашган, бироқ унга финал туригача етиб боришига имкон берилмаган эди.

"Овронигоҳ-2013"да ғолиб бўлишга даъвогарлар сифатида даниялик Эмили де Форест, украиналик Злата Огневич ва норвегиялик Маргарет Бергерлар айтилмоқда.

Россиялик қўшиқчининг имкониятлари ҳам кучли ўнталикка киришга лойиқ, деб башорат қилинмоқда.

Қўшиқ танловида инсон ҳуқуқларига эътибор

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари бундай танловлар пайти инсон ҳақлари бўйича муаммоларга кенг жамоатчиликнинг эътиборини имкон қадар кўпроқ тортишга ҳаракат қилиб келишади.

Жумладан, ўтган йилги Бакуда ўтган "Овронигоҳ" танлови арафасида Озарбайжон ҳукуматининг танқидчилари "Овронигоҳ" қўшиқ танлови ташкилотчиларига мурожаат қилиб, сиёсий мухолифат аъзоларини ҳибсга олишни, журналистларни калтаклашни, томоша ўтказиладиган сарой қурилиши учун Бокуда яшайдиган инсонларнинг уйларини вайрон этишни тўхтатишга таъсир қилишга чиқишган.

Ундан олдин Россияда бўлиб ўтган "Овронигоҳ-2009" танлови вақтида ҳам фаоллар мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор қаратишни сўрашган эди.

Швецияда ўтаётган "Овронигоҳ-2013" танловининг расмий ҳомийси сифатида TeliaSonera ширкати экани айтилган.

TeliaSonera ширкати охирги пайтда Ўзбекистонда бизнес юритишга боғлиқ можаролари билан анча тилга тушди.

Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан текширув ишларини бошлаган. Бироқ Швециядаги қўшиқ танловида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари ёки айнан танлов ҳомийсининг Ўзбекистонга боғлиқ можаролари тилга олиниши даргумон.

Бу мавзуда батафсилроқ