Покистон сайлови: Навоз Шариф янги ҳукумат тузишга киришди

Image caption Кузатувчилар Покистондаги илк демократик сайловлар ҳаққоний ва шаффоф ўтганини таъкидлашган.

Шанба куни ўтган сайловлар натижасига кўра, Навоз Шариф бир партиявий ҳукумат тузиш учун етарли овоз тўплаган.

Норасмий натижалар кўрсатишича, Покистон мусулмон лигаси осон ғалаба қозонган.

Собиқ крикетчи Имрон Хоннинг "Адолат учун ҳаракат" партияси мухолифат тузиш учун етарли овозга эга.

Бироқ Имрон Хон унинг партияси сайловларда йўл қўйилган сохталаштиришлар бўйича маълумотлари борлигини айтган. Имрон Хоннинг ўзи сайловолди намойишида йиқилиб тушганидан буён шифокор назоратида қолмоқда.

Кузатувчиларга кўра эса, Покистондаги сайловлар ҳаққоний ва шаффоф ўтган.

Айни пайтда дунё мамлакатлари раҳбарлари Навоз Шарифни бирин-кетин қутлашмоқда.

Ҳиндистон бош вазири Манмохан Синх Навоз Шарифга биринчилардан бўлиб табрик йўллаган.

Президент Обама ҳам Покистонни ҳаққоний ғалаба билан табриклаб, келгусида янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш умидида эканини билдирган.

Президент Обама "тарихий, тинч ва шаффоф тарзда фуқаролик ҳукуматига ўтиш"ни олқишлар экан, Шариф исмини айтишдан ўзини тийган.

Сайлов кампанияси давомида Навоз Шариф кўп бор "АҚШ бошқараётган террор сиёсатида Покистоннинг иштирок этмаслиги"ни таъкидлаган эди.

Шу билан бирга, у Толибон ва Ал-Қоидага қарши ҳарбий ҳаракатлар ҳақида изоҳ бермаган.

Покистон билан чегара муаммолари тез-тез юз берадиган Ҳиндистоннинг Бош вазири Манмохан Синх ўз мамлакати ва Покистон ўртасида "янги қадам" қўйилишига умид қилишини айтиб, Навоз Шарифни Ҳиндистонга таклиф қилган.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳам ҳамкорликка умид билдираркан, Покистонни жангарилар учун қочиб боришга имкон қолдирмасликка чақирган.

Иккала мамлакат ҳам узоқ вақтдан буён Толибон жангарилари билан курашиб келади.

Би-би-си мухбирининг айтишича, Покистон, Афғонистон ва АҚШнинг уч томонлама ҳамкорлиги НАТО ўз қўшинларини 2014 йилда Афғонистондан олиб чиққандан сўнг кўпроқ синалади.

Айни пайтда Покистон халқи Навоз Шарифдан мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилиб бериш ҳақидаги ваъдаларини бажарилишини кутади.

Жаноб Шариф Покистондаги энергия тақчиллиги, хароб иқтисод ва ишсизлик муаммоларини бартараф этишга бел боғлаганини айтмоқда.

Кузатувчилар фикрича, деярли ҳар куни жангарилик ҳужумлари, портлашлар содир этиб туриладиган Покистонда бу муаммоларни ҳал қилиш Навоз Шарифга осон бўлмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ