'Муҳожирларнинг болалари Россияда доимий қолишлари керак'

Ҳукумат нашрлари тарқатган хабарларга кўра, Россияда ўрта мактабни битирган меҳнат муҳожирининг боласига аттестат билан бирга доимий яшаш ҳуқуқи ҳам берилиши керак.

"Российская газета" нашрининг ёзишича, бундай ҳуқуққа эга бўлишлари учун улар Россия мактабларида камида 3 йил ўқиган бўлишлари лозим.

Россиялик экспертларга кўра, четдан келган боланинг маҳаллий тил, урф-одат ва шарт-шароитларига кўникиб кетиши учун икки йил таҳсил олишининг ўзи кифоя қилади.

Россияда ҳозир 5 миллионга яқин ўзбекистонликнинг меҳнат муҳожирлигида банд экани айтилади.

Улардан аксарияти Россиядаги мавқеълари боис, турли хил мавсумий ва ноқонуний ишларда банд бўлишади.

Худди шу омилларни назарда тутаркан, бир неча йилдан буён Москвада меҳнат қилувчи ўзбекистонлик суҳбатдошимиз сўнгги янгилик аксарият меҳнат муҳожирлари учун қулайлик яратмаслигини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Бу нарса фақат Россия фуқаролигини олишга қизиққан ёки Россияда қолиб, ишлаш имконияти бўлган, шунга қизиққан хорижлик фуқаролар учун аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам, 15-20 фоизгина одам бу нарса билан қизиқиши мумкин".

Суҳбатдошимиз масаланинг бошқа томонига ҳам эътибор қаратади.

Унинг айтишича, Россияда боласини мактабга бериб, ўқитиш четдан келган меҳнат муҳожири учун анчагина пулга тушади.

"Меҳнат муҳожири боласини ўқитмоқчи бўлса, Россиядаги бир йиллик даромадининг 35-40 фоизчаси шунга кетади", дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, аксарият ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияга болаларисиз ишлашга келишади.

"Оилавий бўлиб келганларининг фақат ярмидан кўпроғи фарзандларини мактабга чиқаришади", дейди суҳбатдошимиз ўз кузатувларидан чиқиб келган ҳолда.

"Россияга фақат пул, тирикчилик учун келган ёки бошида муаммоси бўлган одамларга бу нарсанинг унчалик аҳамияти йўқ".

Лекин суҳбатдошимиз сўнгги янгилик Россия ҳукумати маълум даражада меҳнат муҳожирларини ўзининг бир қисми сифатида тан олиб, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаб бериш истагида экани мазмунида аҳамиятли эканини ҳам алоҳида таъкидлашни унутмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ