Сурияда 'исёнкор аскар юрагини еяётгани'га оид видео ғазабга сабаб бўлди

Ҳомс
Image caption Ҳомсдаги манзара

Суриядаги исёнкорлардан бири нобуд бўлган аскарнинг юрагини еяётгани дея тақдим этилган видеоёзув кескин қораланмоқда.

Қўшма Штатларда жойлашган Ҳюман Райтс Уотчга кўра, Ҳомс шаҳрида Абу Шаккар номи билан таниқли ушбу исёнкорнинг ҳатти-ҳаракатлари уруш жинояти саналади.

Суриядаги асосий мухолиф иттифоқ у маҳкамага тортилиши мумкинлигини айтган.

Ишончлилигини тасдиқлаш имконсиз бўлган видеотасвирда исёнкор, афтидан, юракни бурдалаётгани акс этади.

Аскарнинг тепасида турган исёнкор Президент Башар ал-Ассадга ишора қиларкан: "Худога қасамки, Башарнинг итлари бўлган аскарлар биз сизларнинг юрагингиз ва жигарларингизни еймиз", дейди.

Ҳюман Райтс Уотчнинг айтишича, Абу Шаккар Умар ал-Фарух бригадаси деб номланган гуруҳ бошчиси ҳисобланади.

"Душманлар жасадларига шикаст етказиш уруш жиноятидир", дейди ҲРУ вакили Питер Букерт.

Ташкилотга кўра, ҳар икки томон ҳам уруш жиноятларини содир этганлар учун дахлсизлик йўқлиги ва улар албатта жавобгарликка тортилишларини билишлари шарт.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, Абу Шаккарнинг бундан олдин ҳам Ливандаги шиалар истиқомат қилувчи ҳудудларга ракета отаётгани ва Сурия ҳукумати кучлари билан бир сафда нобуд бўлган Ливан Ҳизбуллоҳ ҳаракати жангчилари жасадлари тепасида тургани филмга олинган.

"Якшанба куни интернет орқали тарқатилган видео - Сурияда икки йилдан ортиқроқ вақтдан бери давом этаётган қирғинга оид тасвирлар ичида энг даҳшатлиси", дейди Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Муйр.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, 2011 йил март ойида Президент Башар ал-Ассадга қарши қўзғолонлар бошланганидан бери 70, 000 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқларини кузатув маркази эса, ўлим ҳоллари 80,000дан ортиқ эканини айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ