Уруш пайти биз нега ваҳшийлашамиз?

Image caption Телевизор ва интернет асрида юз бераётган воқеалар зумда бутун жаҳонга ёйилмоқда

Дунёнинг дийдаси қотди. Оммавий қабрлар, қийноқлар, зўрлашу қотилликлар...

Телевизор ва интернет асрида юз бераётган воқеалар зумда бутун жаҳонга ёйилмоқда.

Бизнинг тасаввуримиздаги “ёввойи ва ваҳший ўрта асрлар”дан фарқли тарзда, бугунги илмий-техник жиҳатдан тараққий этган давримиз воқеалари миллиардлаб одамлар кўз ўнгида содир бўлмоқда.

Лекин негадир Суриядаги сўнгги ваҳшийлик – ўлик аскар юрагани тишлаган исёнкор амали жаҳон эътиборини тортди.

Бу балки Африка ва Осиёда ҳамон юз бераётган уруш шафқатсизликлари яна бир поғона тепага – одамхўрликкача етиб боргани учунмикан?

Бир неча йил олдин Африканинг Конго, Уганда ва Руанда каби мамлакатларида, Боснияда ва ёнимиздаги Қирғизистонда одам ақли бовар қилмас ваҳшийликлар содир бўлди. Сурия ва Бирмада ҳамон давом этмоқда.

Эркаклар тириклайин ёқилмоқда, ҳимоясиз ёш қизлар ва аёллар жинсий таҳқирланиб, бунинг устига қийноқлар остида ё ўлдирилмоқда, ё майиб-мажруҳ қилинмоқда.

Олмониялик олим Роланд Вейерстал уруш давридаги инсонлар руҳиятини ўрганади. У икки ярим мингга яқин аксар африкалик собиқ жангчилар устида тадқиқот олиб борган.

Ахлоқ ва уят йўқолганда...

Image caption Ахлоқ ва уят йўқолганда...

Олимнинг айтишича, уруш пайти ахлоқ меъёрлари йўқолади ва зўравонлик қонуний тус олади. Ана шунда одамзод юраги тубида яширин ётган шафқатсизлик юзага қалқиб чиқади.

“Ғазаб ва нафрат ортидан инсондаги зўравонлик кучаяди” – дейди Роналд Вейерстал - “Бунинг устига, талотўпда ўз ҳовурини босиб, қониқиш туйиш ҳисси ҳамда одамдзодда яширин бўлган - ўз жирканч ишларидан лаззатланишга мойиллик ҳам уруш пайти ўз чўққисига етади”.

Олим рақиб аскар юрагини олиб еган суриялик исёнкорни оқламаслигини, унинг бу иши ортидаги сабабларни билмаса-да, аммо ушбу аскар нега одамхўрликкача етиб борганини “тушунишини” таъкидлайди.

“Чунки ғазаб ва қасосга ташналик инсонни бир зумда инсонийликдан мосуво қилади” – дейди олим.

“Саддам Ҳусайннинг дорга тортилиши ва Усама бин Лодиннинг ўлдирилиши саҳналари бир нарсани кўрсатди” – деб ёзади Роналд Вейерстал – “Ҳатто тинч фуқаролар ҳам ўз ахлоқий қадриятларидан воз кечиб юборишаркан”.

“Чунки у икковлоннинг ўлдирилиш саҳнаси ҳар қандай одамни ғазаблантириши керак эди. Аксинча, дорга тортиш ҳам, хобхонадаги қон ҳам одамлар наздида ғалаба рамзига айланди” – деб ўз фикрини асослайди ёш профессор.

Қирғизистонда Ўш қирғини пайти тириклайин ёқилган ўзбек эркакларини юзлаб қирғизлар томоша қилишган ва ҳеч ким ёрдамга ошиқмаганди.

Бу эса уларнинг кўпчилик ва кучли эканини таъкидловчи воқелик ёки ғалаба нашидаси эди.

Очофат тажовуз

Image caption Профессор Вейерсталнинг қайд этишича, уруш пайти фақат интиқом ва ғазаб эмас, балки инсондаги шунчаки, бекордан-бекорга лаззатланиш ҳисси ҳам устун келади

Профессор Вейерсталнинг қайд этишича, уруш пайти фақат интиқом ва ғазаб эмас, балки инсондаги шунчаки, бекордан-бекорга лаззатланиш ҳисси ҳам устун келади. Буни илмий тилда очофат тажовуз, деб аташади.

Конголик собиқ аскарларнинг ҳар учинчиси айнан ана шундай бесабаб ваҳшийликка қўл урган. Яъни жон талвасасида қолаётган, таҳқирланаётган ва ё ҳимоясиз одамнинг аҳволига қараб, улар шодланишган, қийқиришган ва ниҳоят, кўнгиллари таскин топган.

Бунақа ҳолатда қурбоннинг фақат қийналиши етарли бўлмай, албатта, унинг қонини тўкишган.

Ваҳшийлик муайян бир маданият ва ё халққа хос хусусият бўлмасдан, дунёдаги кўплаб низоларда рақиб аскар ва ҳатто аёллару болаларни қийнаш, тана узвларини кесиш, жинсий таҳқирлаш ва узоқ вақт қийнаб ўлдириш каби ноинсоний усуллар қўлланади.

“Шундай ҳолатда рақибининг юрагини еган аскарнинг қилмиши ҳайратга солмаслиги керак” – деб айтади олим – “Аксинча, Сурияда ҳозир рўй бераётган бу каби воқеалар ва инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳолларини яширмасдан, уларни тан олиш, очиқлаш зарур”.

Айбдор анъаналар

Image caption Малилик мана бу маҳбуснинг қўлини жангарилар кесиб ташлашган

Бироқ урушларда айнан одамхўрлик ҳолатлари учраши олимларни ҳайратга солиб келган. Масалан, Конго Демократик Республикасидаги урушда ҳар ўнтадан битта аскар рақиб тараф этини еган. Ҳар тўртинчи аскар шу каби ҳолатга шоҳид бўлган.

“Бу кўпроқ хурофий одамхўрлик бўлиб, илдизи ўша аскарлар келиб чиққан халқнинг анъанавий маданиятига тақалади” – деб ёзади Роналд Вейерстал –“Чунки шарқий Конгодаги жангарилар кучимизга куч қўшилади, деган ишончда рақибларининг қонини ичишган, юрак ва жинсий аъзоларини ейишган”.

Айни дамда, бу каби ваҳшийлик ва шафқатсизлик рақиб тарафни қўрқитиш ҳамда рақибнинг обрў, шаън ё қадр-қимматини йўққа чиқариш йўлидаги жуда самарали қуролдир.

2010 йилги Ўш қирғини пайтлари ҳимоясиз аёлларни жинсий таҳқирлаш ҳоллари иффат ва номус кучли ўзбек жамиятини маънавий синдиришнинг энг ўнғай йўли эди.

Бунда шафқатсизлик қуролли жангарилардан кўчиб, уларнинг ортида турган оддий тарафдорларига ҳам ўтади.

“Қирғиндан кейин ҳам бозор жойларда қирғиз аёллари ўзбек жувонларига қарата, қачон энди қирғизлар зўрлаганда орттирган қирғиз ботирларини туғиб берасанлар?!” – деб ҳақорат қилишади, деб эслаганди Ўшдан инсон ҳуқуқлари фаоли бўлган ўрта яшар аёл.

Хуллас, уруш пайти нафақат қўлида қуроли бўлган жангчиларда, балки уларнинг ортидаги жамоа ва гуруҳда ҳам инсонийлик йўқолиши, ваҳшийлик кучайиши мумкин.

Қайдам, балки ана шу ваҳшийлик ҳам аслида инсонлигимизнинг бир кўриниши эмасмикан ё?

Бу мавзуда батафсилроқ