Франция: бир жинсдагилар оила қуришига изн берадиган қонун имзоланди

Франция Президенти Франсуа Ҳолланд бир жинсдаги инсонларнинг турмуш қуришлари ва бола олиб боқишларини маъқуллайдиган баҳсли қонунни имзолаган.

Бу билан Франция ҳамжинслар оила қуришини маъқуллаган дунёдаги 14-, Оврўподаги саккизинчи мамлакат бўлган.

17 май куни Франция Конституцион маҳкамаси бир неча ойдан буён қизғин сиёсий баҳсларга сабаб бўлиб келаётган қонун устидан мухолифларнинг аппелляция аризасини рад этди.

Мамлакат Конституцион Кенгаши қарор қилишича, бир жинсдаги инсонларнинг оила қуришига ҳуқуқ берадиган қонун Франциянинг конституциявий тамойилларига, шахснинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ва миллий суверенитетига зид келмайди.

Ҳамжинсларнинг турмуш қуриши ва уларга бола асраб олиш ҳуқуқини бериш масаласи бўйича Франция жамиятини иккига бўлиб қўйди.

Мамлакатда ўтказилган омма фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Францияда аҳолининг 60 фоизга яқини бир жинсдаги шахсларнинг оила қуришини қўллаб-қувватлайди.

Францияликларнинг 50 фоизга яқини бесоқолбоз эркаклар ёки лесбиян аёлларнинг бола боқиб олишига қарши эмаслиги аёнлашган.

Жинсдошларнинг турмуш қуришига изн бериш масаласи католик насронийлар ва анъанадор сиёсатчиларнинг қаршилигига учради, улар ташкил этган норозилик амалиётларида ўн минглаб кишилар иштирок этдилар.

Бироқ апрел ойида Франция парламенти қуйи палатаси ва сенати бундай қонунни қабул қилган эдилар.

Франсуа Ҳолланд ҳали президент этиб сайланмасидан олдин бир жинсдагиларнинг оила қуришига изн беришига ваъда берган эди.

Франция Миллий ассамблеяси ва сенатида Президент Ҳолланд тарафдорлари кўпчиликни ташкил этади.

Бу мавзуда батафсилроқ