Толибон очилмоқдами?

Image caption Қизларнинг ўқишини тақиқлаган Толибоннинг айрим вакиллари бугун қизлар учун мактаблар очишмоқда

Юзи очиқ, рўмол ёпинган муаллима қизларга инглиз тилини ўргатади. Кейинги дарс компьютер асослари.

Афғонистон шаҳарларида бу каби мактаблар ҳозир одатий ҳолат. Лекин айни мактабни Толибон вакиллари юритишади.

"Мен илм-фан ва тил ўргансам, билим олсам бўлди" - дейди талаба қизлардан бири - "Мактабни ким юритиши аҳамиятсиз".

Сўнгги пайтлари Покистон ва Афғонистон сарҳадлари бўйлаб ўз мавқелари баланд айрим минтақаларда Толибон вакиллари билим юртлари очишмоқда.

Бу илм даргоҳларида эса нафақат диний илм, балки дунёвий фанларни ҳам ўрганиш мумкин. Асосийси, Толибон ҳозир қизлар ва аёллар учун алоҳида ўқув юртлари очмоқда.

Лекин билим юртлари ўғил ва қиз болалар аралаш ўқишмайди.

Замон талаби?

Агар 1990-йиллар ўрталарида Афғонистонда қудратга келган Толибон ҳаракати жорий этган чекловлар назарда тутилса, сўнгги ҳаракатлар осмон ва ер каби фарқ қилади.

Ўшанда аёллар буткул бурқага ўраниши мажбурий бўлиб, мактаб бориши, ишлаши ва ҳатто маҳрам эркаксиз кўчага чиқиши тақиқланганди. Бугун эса қизлар фақат рўмолда, юзи очиқ ва ўз ҳолларича Толибон ташкил этаётган мактабларга қатнайдилар.

Телевизорни тақиқлаган ҳаракат энди компьютер ва интернетдан фойдаланишни ўргатмоқда.

"Яқинлашаётган сайловларда Толибон ҳам қатнашишни ва ҳатто ғалаба қилишни исташи мумкин" - дейди Афғонистондан шарҳловчи Абдулмўъмин Макрид - "Шу учун замонга қараб мослашишга, халқ меҳрини қозонишга мажбурлар".

"Илгари улар қудратга келганида Афғонистон вайрон ва ташландиқ ҳолатда эди, шу боис истаганча қаттий чекловларини жорий этишган" - давом этади суҳбатдошимиз.

"Бугун эса халқаро ҳамжамият эътибор бераётган, сўнгги 12 йил давомида катта сармоя ва умидини тиккан бир мамлакатмиз. Шаксиз, Толибон ҳам шароит ва халқ талабига қараб иш тутиши керак бўлади".

Аммо ашаддий толиблар ҳали-ҳанўз қизларнинг билим олишларига бутунлай қарши. Улар айрим маслакдошлари тарафидан очилаётган мактабларни ҳам ёқламайдилар.

Таҳлилчиларга кўра, ҳозир мўътадил, саводли ва шароитни кўриб турган Толибон вакиллари маърифат ҳамда илм-фан технологиялари муҳим эканлигини англашмоқда.

Улар энди анча дунё кўрган ва бошқа мусулмон ўлкаларидаги айрим ижобий жиҳатларни ўзлаштириш Исломга зид тушмаслигини англаган толиблар, дейилади.

Ҳозирча Толибон вакилларидаги бу турфа қарашлар боис ҳаракат парчаланиб кетиши эҳтимоли ҳақида ҳеч ким гапираётгани йўқ.

Аммо шуниси аниқки, Толибон ҳаракати вакиллари орасида кўп фикрлилик ва ҳаракат қаттиқ ушлаган ақидалар борасида фарқли қарашлар юзага келиб улгурган.

Бу мавзуда батафсилроқ