Москвада "террорчилик ҳужуми"нинг олди олинди

Image caption Москвада террорчилик ҳужумини режалаштирган гуруҳ аъзолари Орехово-Зуеводаги икки қаватли бинода қўним топишгани айтилган.

Россия Терроризмга қарши Агентлигининг маълум қилишича, Москвада террорчилик ҳужумини амалга оширишни режалаган гуруҳга қарши рейд ўтказилган. Рейд натижасида икки шахс ўлдирилган.

Расмийларга кўра, гуруҳ пойтахтдан шарқроқда жойлашган Орехово-Зуево шаҳарчасида қарор топганди.

Рейд натижасида учинчи гуруҳ аъзоси қўлга олинган.

Айтилишича, гуруҳ аъзолари Афғонистон ва Покистонда тайёргарликдан ўтиб келган Россия фуқароларидир.

Агентлик томонидан чиқарилган баёнотда айтилишича, амалиёт мобайнида гуруҳ турган ер ўраб олинган ва улардан таслим бўлиш талаб қилинган вақтда ўт очганлар.

Исмини ошкор қилмаган расмий манбанинг матбуотга айтишича, ушбу гуруҳ Москва марказида уюштирилажак йирик оммавий анжуманни нишонга олишни режалаштириган. Бошқа тафсилотлар текширув жараёни давом этаётгани туфайли ошкор этилмаслигини билдирган.

Расмийларга кўра, гуруҳнинг уччала аъзоси ҳам мусулмонлар ва бир ойдан бери ҳуқуқ-тартибот органлари назорати остида бўлишган.

Яна бир манбанинг Интерфакс агентлигига айтишича, улар Толибон ва "Ал Қоида" аъзолари бошпана топган Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасида тайёргарликдан ўтиб келишган.

Расмийлар ушбу гуруҳ ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликни текшираётганликларини ҳам айтишган.

Гуруҳга қарши амалиётда махсус кучларнинг бир аскари жароҳатланган. Расмийларга кўра, амалиёт аҳоли яшаш масканида ўтказилган бўлса ҳам улар орасида жароҳатланган ёда қурбонлар йўқ.

Бу ҳодисадан сал аввал Доғистон пойтахти Махачкала шаҳрида икки портлаш рўй бериб, 4 киши ҳалок ва камида 35 киши жароҳатлангани хабар берилган.

Орехово-Зуево шаҳрида бўлган Би-би-си мухбирига кўра, шаҳарнинг баъзи қисмлари ҳануз ёпиқ қолмоқда. Натижада шаҳар кўчаларида тирбандлар юзага келган.

Россия расмийлари мамлакатнинг турли ҳудудларида террорчилик ҳужумларининг олди олингани ҳақида тез-тез хабар бериб туришади. Бу хабарларда тафсилотлар кам ва аксар ҳолларда гумон остидаги шахслар амалиёт мобайнида ҳалок этиладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ