'Лондонда террорчилик амали содир этилган'

Image caption Ҳужум Британия пойтахтининг жанубий-шарқий Вулвич туманида юз берган

Ҳодиса Лондон жануби-шарқида юз берган. Пичоқ ва чопқи билан қуролланиб олган икки шахс бир йўловчига ҳужум қиларкан, "Аллоҳу акбар", дея қичқиришган. Қурбоннинг ҳарбий экани айтилмоқда.

Маҳаллий полиция уларга қарши ўт очиб, ҳар икковини ҳам яралаган.

Британиялик масъуллар рўй берган воқеа "террорчилик амали" бўлиши мумкин, деган фикрдалар.

Жумладан, британ Бош вазири Девид Камерон бунга "жиддий далиллар борлигини" айтмоқда.

Бош вазирга кўра, мамлакати "ҳеч қачон бу каби ҳодисалар қаршисида бош эгиб қолмайди".

Франция сафарида бўлган Девид Камерон шошилинч ортга қайтган.

Бугун Британия Бош вазири бошчилиги остида фавқулодда вазиятлар бўйича қўмита(COBRA)нинг йиғини режаланган.

Бутун Лондон бўйлаб Британия Қуролли кучларининг казармаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Чунки ҳужум Британия пойтахтининг Вулич туманидаги казармалар яқинида амалга оширилган.

Ҳужум тафсилотлари

Image caption Ҳужумчилар пичоқ, болта ва ўточар қуроллар билан қуролланган бўлишган

Ҳужумчилар ўз қурбонларини ўлдириб, жасадини казарма яқинига ташлашган ва 20 дақиқача полиция ходимларининг етиб келишларини кутишган.

Дастлабки хабарлардан аён бўлишича, уларда пичоқ ва чопқидан ташқари, ўточар қурол ҳам бўлган.

Икковлонни отиб яралагач, полиция уларни ҳибсга олган ва касалхонага жойлаштирган.

Ҳодиса куппа-кундуз куни юз берган. Ҳужумга учраган шахснинг 20 ёшлар атрофида экани айтилмоқда.

Хабарлардан маълум бўлишича, унинг устида Help for Heroes ("Қаҳрамонларга ёрдам беринг") ҳарбий хайрия жамғармасининг майкаси бўлган.

Шоҳидлар нима дейди?

Шоҳидлардан бирининг айтишича, "икковлон ўзларини худди телбалардек тутишган. Йўлкада ётган жасадни судраб келиб, йўлнинг ўртасида қолдиришган".

Вуличдаги кузатув камераларида муҳрланиб қолган кадрларда қўлидаги қонга ботган пичоғини силкитганча, исломий шиорларни айтиб қичқираётган қора танли шахс акс этган.

Жумладан, "Аллоҳга қасам, биз сизга қарши курашдан тўхтамаймиз", дейди у.

Гувоҳларга кўра, қурбонларининг жасадини йўл ўртасида қолдирган ҳужумчилар йиғилганлар қаршисида ўзларини кўз-кўз қилишган, юз берган ҳодисани тасвирга олишга ундашган.

Ҳужумчилардан бири эса, "Улар бизга қарши қандай кураш олиб боришаётган бўлса, биз ҳам уларга қарши худди шундай кураш олиб боришимиз керак. Қонга қон, жонга жон", дейди.

"Воқеага хотин-қизлар гувоҳ бўлишгани учун узр сўрайман. Лекин бизнинг мамлакатимизда ҳам улар худди шундай ҳолларга шоҳид бўлишади. Ҳукуматингизни ўзгартиринг, чунки у сиз ҳақингизда қайғурмайди", дея сўзларида давом этади у.

Ҳужум сатҳидан эса, тўппонча дохил ўточар қуроллар, пичоқлар ва чопқи топилган.

"Тез ёрдам" ходимлари эса, келгунларича қурбоннинг ҳаётдан кўз юмган бўлганини айтишмоқда.

Англия Мудофааси лигаси

Image caption "Англия Мудофаа лигаси" тарафдорлари аллақачон Вулвич марказида намойиш ҳам уюштиришган

Би-би-си сиёсий таҳлилчисининг айтишича, агар ҳужум исломчилар иши экани тасдиқланса, куппа-кундуз куни одамлар билан гавжум жойда британ ҳарбийсига қарши уюштирилган мисли кўрилмаган воқеа бўлади.

Аллақачон Британияни исломийлаштиришга қарши бўлган "Англия мудофааси лигаси" норасмий ёшлар ташкилоти Вулич марказида намойиш ҳам уюштирган.

Норозилик амалиётида аксарияти ёшлардан иборат юзга яқин киши иштирок этган.

Эҳтимолий тартибсизликларнинг олдини олиш учун махсус ҳимояланган полиция ходимлари сафарбар этилишган.

Британиялик таниқли имомлар ваҳшиёна қотилликни кескин қоралаб чиқишган ва қотилларни Ислом билан боғламасликка даъват этишган.

Бу мавзуда батафсилроқ