Украина Қрим татарлари ҳақида Россия мулозимининг сўзларидан ғазабланди

Қрим татарлари
Image caption Ҳар йили 18 майда Қрим татарлари мажбурий оммавий сургунни хотирлайдилар.

Россиянинг Симферополдаги бош консули Владимир Андреев Қрим татарларининг уруш пайтида депортация қилинишини оқлаган.

Бунга жавобан эса Украина Ташқи ишлар вазирлиги расман ўзининг норозилигини изҳор этди.

Россиянинг Қримдаги бош консули Владимир Андреев ўзининг интервьюсида Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Қрим татарлари "оммавий сотқинлик" қилганлар, деб айтган.

Украина парламенти - Олий Рада депутати, Қрим татарлари Мажлиси раисининг биринчи ўринбосари Рефат Чубаров бу гаплари учун Россиядан Владимир Андреевни Қримдаги бош консулликдан чақириб олишни талаб қилган.

Украина Ташқи ишлар вазирлигининг расмий норозилигида Россия расмийларининг Владимир Андреев сўзлари борасида тегишли баҳо беришига умид билдирилган.

Шунингдек, Андреевнинг профессионал фаолиятини тўғирлаш маъносида чора кўрилишига умид қилган Украина ташқи сиёсат идораси.

18 май куни Қрим татарларининг ўз ватанидан оммавий сургун қилинганларига 69 йил тўлди.

1944 йилда гўё Олмон нацистларига мойиллиги учун 190 мингдан ортиқ татарлар Қримдан мажбуран кўчирилганлар.

Уларнинг 150 мингдан ортиғи Ўзбекистонга жўнатилган.

Қрим татарлари депортация кунини халқнинг улкан фожеаси сифатида хотирлайдилар.

Яқинда Қримдаги ATR телаканали Россиянинг Қримдаги бош консули Владимир Андреевни интервью қилган, унда Иккинчи Жаҳон уруши йилларида икки марта Совет Иттифоқи қаҳрамони бўлган синовчи-учувчи Амет Хон Султон ҳақида тасвирга олинган "Хайтарма" бадиий фильмини россиялик амалдор танқид қилган.

Владимир Андреев бу фильм уруш ва Қрим татарлари ҳақидаги ҳақиқатни бузиб кўрсатган, деб айтган.

ATR телаканали мухбири сизнинг бу сўзларингиз бутун Қрим татарлари учун ҳақорат эмасми, деб сўраган.

Бунга жавобан эса Владимир Андреев, "мен янги гап айтганим йўқ", деган.

"Мен бирон янги гап айтдимми? Менга сизнинг маслаҳатингиз керак эмас. Менинг айтган ҳар бир сўзим расмий. Ёзиб олинг-да, ҳар бир Қрим татарининг олдида айлантиринг! Менинг сўзим ва Россиянинг сўзи аниқ бўлиши керак. Жумладан менинг интервьюм ҳам Улуғ Ватан уруши ҳақидаги ҳақиқат янграши учун керак. Бу айнан сотқинлик мавзуси", деб айтган Владимир Андреев.

23 май куни Симферопол шаҳридаги Россия консуллиги биноси қаршисида норозилик амалиёти уюштирилган.

Пикет иштирокчилари Владимир Андреевни дипломатик мақомидан маҳрум қилишни ва унинг Қримни тарк этилишини талаб қилганлар.