Обама учувчисиз учоқлардан фойдаланишни “адолатли” деб ҳимоя қилди

Image caption Обама дрон ҳужумларини ёқлади

Президент Обама дронлардан ( учувчисиз учоқ) ўз-ўзини ҳимоя қилиш воситаси ўлароқ фойдаланишни “адолатли” дея оқлаган.

Унинг айтишича, дрон ҳужумлари кампанияси Американи хавфсизроқ мамлакатга айлантирган.

Махфийлик пардасига обдон ўралган дрон ҳужумлари ҳақида сўзлар экан, Обама жаноблари, бу амалиётлар чоғида тинч фуқаролар қурбон берилмаслиги “қарийб аниқ” бўлиши керак деб айтган.

Барак Обама шунингдек, тўрт нафар Америка фуқароларини ўлдиришда учувчисиз учоқ қўлланилганини ҳам ҳимоя қилган.

"Биз шундай бир ташкилот билан урушга кирганмизки, агар уларни тўхтатмасак, улар имкон қадар кўпроқ америкаликларни ўлдиришади”, деб айтган АҚШ президенти Вашингтондаги Миллий Мудофаа университетида чиқишида.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари анчадан бери дрон учоқлари ҳужумларини қоралаб келишади.

Американинг дрон учоқларига доир янги йўриқномасида айтилишича, Америка ҳарбийлари террорчиликда гумон этилганларни қўлга олишга ҳаракат қилишади ва бу устивор масаладир, аммо дрон ҳужумлари Америкага “давомий ва аниқ хавф” туғилган пайти амалга оширади.

Image caption ЎИҲ раҳбари ҳам дрон ҳужумидан қурбон бўлган эди

Сўнгги бир неча йил ичида Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларига уюштирилган дрон ҳужумлари оқибатида ўнлаб жангарилар қурбон этилган.

Американинг учувчисиз учоқлари ҳужумларидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбарлари Тоҳир Йўлдош ва Усмон Одиллар ҳам қурбон бўлишгани айтилади.

Шу йил бошларида ҳам АҚШ учувчисиз учоқлари Шимолий Вазиристоннинг Мир Али шаҳарчасидаги жангарилар бошпана топган иккита бинони нишонга олишган эди.

Маҳаллий расмийлар айни ҳужумлар оқибатида қурбонлар ўзбек ва покистонлик жангчилар эканини айтишган.

Шимолий Вазиристон ҳам Покистон, ҳам Афғонистон ҳудудларида исёнкорлик ҳужумларини уюштираётган Толибон бошпана топган минтақадир.

Йил бошида Толибоннинг юқори мансабли мулозими Мулло Назир ҳам АҚШ дрони ҳужумида ҳалок бўлганди.

Мулло Назир бу ҳудудлардаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларига қарши қўмондонлардан эди. Марҳум жангари қўмондон Вазиристон шимолидаги ўзбек, чечен, араб ва бошқа хорижий жангариларни сиқиб чиқаришга интилган.

АҚШнинг дрон ҳужумлари Вашингтон ва Исломобод ўртасидаги муносабатларга соя солмоқда.

Покистонга кўра, дрон учоқлари уларнинг суверенитетига дахл қилмоқда ва бегуноҳ тинч фуқаролар ҳам ҳалок бўлишаяпти.

Жангариларга қаратилган бу каби дрон ҳужумларида юзлаб бегуноҳ покистонликлар ҳам ҳалок бўлишмоқда.