Уилич қотиллиги:Британия ҳукумати хавфсизлик хизматларини ҳимоя қилди

Image caption Бу икки шахс хавфсизлик хизматларига "нотаниш" бўлмаган...

Британия хавфсизлик хизматлари Лондонда аскар ўлимининг олдини олмаганига доир танқидларга учрамоқда.

Британия ҳукумати бу танқидларни рад этиб чиққан.

Аскар Драммер Ли Ригбини ўлдиришда гумон этилган икки шахс қўлга олиниши билан хавфсизлик хизмати MI5 улар ҳақида маълумотга эга бўлганини ошкор этган.

Энди хавфсизлик хизматлари парламент қаршисида сўроққа тутиладилар.

Аммо Жамоатлар Вазири Эрик Пиклсга кўра, ҳаммани ҳар доир назорат қилишнинг имкони йўқ.

Шубҳаланувчилар Майкл Адебoлажо ва Майкл Адебовале ҳозир хавфсизлик хизматлари назорати остида эканлиги айтилади.

Пиклс жаноблари Би-би-си телевизиони билан суҳбатда “парламент аъзолари хавфсизлик хизматларига нималар маълум бўлганини обдон текширадилар, аммо мен хавфсизлик бўйича мутахассислар билан суҳбатлашдим ва уларга кўра, озод бир жамиятда ҳаммани назорат остига олиш ўта мушкулдир”, деб айтган.

25 ёшли аскар Драммер Ригби Уиличда Чоршанба куни ўлдирилганди.

Қотилликдан кўп ўтмай 28 ёшли Адеболажо шоҳидларнинг бири томонидан филмга олинган ва унда шубҳаланувчи Британияликлар мусулмонларни ҳар кун ўлдиришаётгани учун айни амалга қўл урганини айтади.

Иккала шубҳаланувчилар ҳам қотиллик юз берган жойдан қочишга уринмаганлар.

Ҳужумчилар ўз қурбонларини ўлдириб, жасадини казарма яқинига ташлашган ва 20 дақиқача полиция ходимларининг етиб келишларини кутишган.

Хавфсизлик хизматларининг хизмати...

Image caption Шубҳаланувчилардан бири 2007 йилги намойишда

MI6 хавфсизлик хизматининг террорга қарши кураш бўлими собиқ раҳбари Ричард Баррет Би-би-си билан суҳбатда бу каби хужумларнинг олдини олиш мушкул эканини айтган.

"Менинг тушунимча, бу одамлар кичикроқ бир гуруҳлардан чиқишган ва улар хорижий ёки маҳаллий ташкилотлар билан алоқада бўлмасликлари мумкин...Айни шунинг учун ҳам хавфсизлик хизматлари уларга алоҳида эътибор беришмаган”, деб айтган.

"Шунинг учун, радикал қарашларга эга бўлган шахс қачон зўравон экстремистга айланиб қолади? Буни аввалдан аниқлаш жуда мушкул”.

Би-би-си Адеболажо 2007 йилда исломчилар томонидан уюштирилган намойишда қатнашаётгани туширилган видеони кўрган.

Видеотасвирларда у ўз қўлида “Мусулмонларга Қарши Хоч Юриши” деган шиорни кўтариб олгани кўринади.

У ҳозирда тақиқланган Ал-Муҳожирин ташкилотининг ўша пайтдаги раҳбари Анжем Чоударий ёнида тургани тасвирга олинган.

Аммо Чоударийга кўра, 2010 йилга келиб Адеболажо “ўз йўли” билан кетган.

Чоударий жанобларининг Би-би-сига айтишича, у рўй берган воқеадан даҳшатга тушган.

Радикал исломчи деб қараладиган Чоударий яна “кўчада бир кишининг ўлдирилиши Британия ва Америка томонидан ўлдирилаётган юзлаб, минглаб ва миллионлаб одамлар тақдирига тенг эмас”, деб айтган.