Кучли портлашлар Кобул марказини силкитиб юборган

Кобул шаҳрида бир неча кучли портлашлар рўй берган, отишмалар бошланган.

Толибон йирик ҳужум бошлаганини эълон қилган.

Шаҳар марказидаги илк портлаш маҳаллий вақт билан соат 4 да юз берган.

Расмийларга кўра, худкуш ҳужумчи портловчи модда ортилган автомобилини портлаши ортидан жангарилар қуролли ҳужум бошлашган.

Кобул полицияси сўзчиси Ҳошмат Станикзай сўзларига кўра, портлаш Афғонистон миллий хавфсизлик агентлигига тегишли шифохона ва Афғон Жамоат хавфсизлигини таъминлаш кучлари қароргоҳи олдида содир этилган.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш кучлари мамлакатдаги хорижий ширкатларни қўриқлаш билан шуғулланади.

Жангарилар қайси бинони нишонга олганлари аниқ эмас, бироқ бу жойда Халқаро Муҳожирлик ташкилоти ва БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси UNAMA жойлашган.

Халқаро Муҳожирлик ташкилоти ўзининг бир ходимаси жиддий жароҳатлангани ҳақида хабар қилган.

Уч қўриқчи ҳам яраланган.

Афғон расмийларига кўра, олти ёки етти қуролли ҳужумда иштирок этган.

Илк портлашдан кейин атрофдаги биноларга кириб олган жангарилар гранаталар улоқтирганлар, автомат қуроллардан ўт очишни бошлаганлар.

Отишма бир неча соат давом этган.

Расмийлар ҳалок бўлган ва яраланганлар ҳақида аниқ маълумот бермаганлар.

Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг "Франс Пресс" ахборот агентлигига айтишича, асосий нишон Афғонистон истиғборот хизмати ва АҚШ жосуслик хизмати ходимлари фойдаланадиган меҳмонхона бўлган.

Толибон сўзчисига кўра, бу меҳмонхонада Америка жосуслик хизмати аъзолари Афғон жосуслари учун ўқув машғулотлари ўтказган, аммо бу даъво ҳақиқатлигини текшириш имконсиз.

Маҳаллий дўкондорлардан бирининг айтишича, биринчи портлаш кучи уни ўтирган курсисидан улоқтириб юборган, сўнг яна бир портлаш овози эшитилган.

Бундан олдин Кобулда 16 май куни НАТОнинг ҳарбий карвонини худкуш ҳужумчи автомобили билан нишонга олган, оқибатда 15 киши, жумладан беш америкалик ҳалок бўлган эди.

Шу йилнинг 27 апрелида эса Толибон "баҳорги жанглари"ни бошлаганини эълон қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ