"Британияда аксилисломий қарашлар кучайгани кузатилмоқда"

  • 26 Май 2013
Image caption Ли Регби ўлдирилган жойга одамлар гуллар олиб келишда давом этмоқда.

Британиянинг Уилич туманида ҳарбийнинг ўлдирилиши бутун мамлакат бўйлаб аксилисломий чиқишларни сезиларли тарзда кучайтирган. Бу ҳақда динлар ўртасидаги мулоқот масалалари билан шуғулланувчи Британия хайрия ташкилоти билдирган.

"Faith Matters" ташкилотининг хабар беришича, ҳарбий хизматчи Ли Регбининг ўлими аниқ бўлганидан буён уларга 162 телефон қўнғироғи бўлган. Ташкилотга кўра, одатий кунларда ўртача беш-олти марта шикоятлар келиб тушади.

Нортумберленд графлигидан уч интернет фойдаланувчиси Twitter блогида ҳақоратли изоҳ қолдиргани учун ҳибсга олинади.

"Faith Matters" ташкилоти раҳбарига кўра, уларга бир қанча мусулмонлардан шикоятлар тушган. Уларда мачитларга ҳужум бўлгани, мусулмон аёлларнинг бошидаги рўмолни тортиб олиш ва ҳақорат қилишлар кузатилгани айтилган.

"Бундай воқеаларнинг ортиб бораётгани жиддий хавотир уйғотади. Улар бутун мамлакат бўйлаб рўй бермоқда, баъзилари жуда агрессивдир. Интернет тармоқларида ҳам мусулмонларга қарши кайфият ошиб бормоқда, бу эса жуда хавфлидир",- дейди Фаяз Мугал.

Шанба куни Ньюкасл шаҳрида Англия мудофаа Лигаси тарафдорлари акциясида 1500 киши иштирок этиб, Ли Регбининг исмини такрорлашган ва аксилисломий қарашларини билдиришган.

Қироллик полкининг барабанчиси бўлган Ли Регби чоршанба куни Уиличдаги ҳарбий казарма яқинида даҳшатли тарзда ўлдирилган эди.

28 ёшли Майкл Адеболаджонинг қотилликдан сўнг айтганлари туширилган видео лавҳага кўра, у қотилликни Британия аскарлари томонидан мусулмонларнинг ҳар куни ўлдирилишига жавобан амалга оширганини айтади.

Адеболаджо ва иккинчи гумонланувчи 22-ёшли Майкл Адебовал ҳибсга олинган ва полиция билан тўқнашувда олган жароҳатлари туфайли касалхонага ётқизилган.

Кейинги ҳафтада МИ-5 Британия разведкаси бошлиғи бу икки айбланувчи борасида қандай маълумотлари борлиги ҳақида ҳисоб бериши кутилмоқда.

Би-би-сига берилган хабарларга кўра, радикал исломий қарашга эга Майкл Адеболоджо МИ-5 томонидан ишга солинмоқчи бўлган бўлиши мумкин.

Манчестер полицияси бошлиғи Питер Фахининг айтишича, Британиядан ҳарбий можаролар кетаётган Мали, Сурия, Ироқ каби мамлакатларга бориб қайтган ёшларда экстремистик қарашлар ошаётгани кузатилаётган экан.

Айни пайтда, Британия Бош вазири Девид Кэмерон ҳукуматнинг экстремизм ва ёш мусулмонларнинг радикаллашишига қарши стратегиясини қайта кўриб чиқишга буйруқ берган.