Оврўпо Иттифоқи муҳокамасида Сурия исёнчиларини қурол-яроғ билан таъминлаш масаласи

27 май куни Брюсселда йиғилган Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Британия билан Франциянинг Сурияга нисбатан қурол-яроғ эмбаргосини юмшатиш таклифини муҳокама қиладилар.

Оврўпо Иттифоқининг Сурияга жорий этган қурол-яроғ эмбаргоси шу ҳафта охирида ниҳоясига етади.

Хабар қилинишича, Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг ўзининг бошқа оврўполик ҳамкасбларини бу эмбарго иш бермаганига ишонтиришга уринади.

Жаноб Хейг Сурия мухолифати орасидаги "мўътадил" кучларга қурол-яроғ етказиб берилиши керак, деб ҳисоблайди.

Бироқ Оврўпо Иттифоқидаги айрим мамлакатлар Сурияга нисбатан киритилган эмбарго бекор қилинишига мутлақо қаршилар.

Хусусан, Австрия, Чехия, Ҳолландия, Финляндия ва Швеция суриялик исёнчиларга қурол-яроғ етказиб берилишини умуман истамаяптилар.

Эмбарго бекор қилиниши учун Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлган барча мамлакатнинг маъқуллови талаб қилинади.

Қарши бўлаётганларнинг хавотирича, Сурия мухолифати орасидаги "мўътадил" деб айтилаётган генерал Салим Идрис етакчилигидаги кучларга берилган қурол-яроғнинг радикал исломий жангариларнинг қўлига тушиб қолмаслигига кафолат йўқ.

Оврўпо Иттифоқининг айрим аъзолари фикрича, Сурияга нисбатан иттифоқ киритган эмбаргонинг бекор қилиниши кейинги ой Женева шаҳрида мўлжалланаётган Сурияга бағишланган анжуман учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

АҚШ билан Россия Сурия инқирозини бартараф этиш мақсадидаги конференция ташкилотчилари бўлганлар.

Бу анжуманда Сурия ҳукумати иштирок этиш-этмаслиги аниқ эмас эди, сал олдинроқ Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллиф расмий Дамашқнинг конференцияда қатнашиш ниятини маълум қилди.

Жаноб Муаллиф сўзларига кўра, бу анжуман инқирозни "сиёсий ҳал қилиш учун яхши имконият" бўлади.

Суриядаги асосий мухолифат аъзолари Женева конференциясида қатнашиш-қатнашмаслик масаласини ҳамон муҳокама этмоқдалар.

Бироқ улар агар Президент Башар ал-Ассад истеъфога чиқишга розилик берса, қатнашажаклари ҳақида айтганлар.

Ливандаги вазият

Суриядаги зиддият туфайли Ливанда аллақачон қарама қаршилик пайдо бўлди.

Минтақадаги кучли жангари гуруҳ Ҳизбуллоҳ Сурия жумҳурраиси Ассадни дастаклаши ва бу ҳам турфа сунний гуруҳларга қарши амал эканига ишора этиши ҳам бу зиддиятни кучайтирса кучайтирдики, аритгани йўқ...

Сурия ҳукуматининг Ҳизбуллоҳга аталган қурол яроқлари Исроилнинг бир икки ҳужуми билан тўхтаб қолдими ва ё давом этмоқдами, бу савол очиқ қолаётир.

Суриядаги инқироз қўшни давлатлар ва қолаверса бутун минтақага ёйилиш хавфи тобора ҳаёт ҳақиқатига айланиб бормоқда, айни пайтда Оврўпо Иттифоқининг Сурияга нисбатан қурол яроқ савдоси тақиқинини қисман бекор қилиниши эҳтимоли - Ассадга қарши урушаётган ва табиати ҳали ноаён бўлган жангариларни нималарга чорлаши аниқ эмас.

Суриядаги жангариларга қурол яроқ етказиб бериш тарафдорларидан бири Британия - мамлакат ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг ўзининг таъбирича, Сурия мухолифати орасидаги "мўътадил" кучларга қурол-яроғ етказиб берилиши керак, деб ҳисоблайди.

Сурия қўшнилари орасида Эрон Ассад ҳукуматининг имкон қадар кўпроқ қудратда қолишини истайди.

Аммо афтидан Теҳрон Ассаддан кейинги Сурия учун ҳам ўзининг стратегияси устида ишламоқда.

Теҳрон учун Сурия фақатгина Ғарбпараст сунний қўшнилар орасида дипломатик ҳамкор эмас, балки Исроилга қарши курашда иттифоқчидир.

Сурия зиддиятида Ливаннинг ўртага чиқиши ҳам Эрон манфаатлари доирасидир. Ҳизбуллоҳ ўзининг узоқ масофага мўлжалланган ракеталари билан Исроилга жиддий хавф сола биладиган бир кучдир.

Ҳизбуллоҳ жангарилари Сурияда Ассадга қарши исёнкор кучлар билан урушаётгани ҳақида хабарлар бор.

Мутахассисларга кўра, ҳозирги пайтда Исроил- Ҳизбуллоҳ-Сурия учбурчаги атрофида кечаётган воқеа ҳодисалар минтақавий уруш келиб чиқиши учун лозим бўлган омилларга эга.

Бу мавзуда батафсилроқ