Хитойда оқава сув қувуридан чақалоқ топилди

Image caption Чақалоқ тиқилиб қолган қувурнинг эни 10 см экан.

Хитойда эндигина туғилган ўғил болани ҳожатхона оқава қувурига ташлаб кетилиши одамларни шокка солган.

Ўт ўчирувчилар ва шифокорлар Шиянгжанг вилоятидаги кўп қаватли уйнинг қувуридан чақалоқни қутқариб олишга муваффақ бўлишган.

Кўп қаватли уйда яшовчилар боланинг йиғисини эшитиб қутқарувчиларни чақиришади.

Қутқарувчилар болани қувурдан тортиб олиши осон кечмагани айтилади. Улар ичида чақалоқ бўлган қувурнинг қисмини чиқариб олиб касалхонага олиб боришларига тўғри келган.

Касалхонада шифокорлар болани қутқариб олишади.

Шунда аниқ бўлишича, бола туғилганига бир неча кун бўлган холос. Чақалоқ тиқилиб қолган қувурнинг эни 10 см экан.

Мамлакат телевидениеси шифокорларнинг металл орасидан болани олишларини кўрсатган. Айни пайтда боланинг аҳволи қониқарли экани хабар қилинади.

Би-би-си мухбирига кўра, Пекин полицияси бу ишга суиқасд сифатида қараб, боланинг ота-онасини қидирмоқда.

Касалхонадаги инкубатор рақами бўйича "59-номерли бола"га одамлар сут, памперс ва кийим-кечаклар олиб келишмоқда.

Хитойнинг Twitterга ўхшаган Weibo тармоғида қизғин баҳслар тинмаяпти.

"Бу жиноятни қилган ота-онанинг юраги қувур каби қоп-қордир",- деб ёзган бир фойдаланувчи.

"Буларни инсон деб бўлмайди", деб ёзган бошқаси.

Хитойда 30 йилдан ортиқ вақтдан буён "Бир оила-бир бола" сиёсатига қаттиқ амал талаб қилиб келинсада, гоҳида бу талабни бузганлар жарима тўлайдилар.

Бундан олдин Хитойда муддати катта бўлган ҳомилаларни аборт қилиб, ахлат қутисига ташлаб кетиш ҳодисалари содир этилгани ҳам аниқланган эди.

Хитой оилаларида ўғил бола кўпроқ қадрлангани боис, никоҳдан ташқари туғилган ёки қиз чақалоқларни ташлаб юборишгани тез-тез содир бўлиб туради.