Россия С-300 ракеталарини Сурияга етказишини маълум қилди

  • 28 Май 2013
Image caption Россияга кўра, С-300 "барқарорлаштириш воситаси" бўлиб, Суриядан ташқи кучларни можарога аралашишдан тийиши мумкин.

Россия Сурияга С-300 зенит-ракеталарини етказиб бериш мамлакатни ташқи ҳуружлардан ҳимоя қилишига ёрдам беришини билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Сергей Рябковга кўра, ракета "барқарорлаштириш воситаси" бўлиб, "бир қанча қони қайноқ калла"ларни можарога аралашишдан тийиши мумкин.

Москва шунингдек, Оврўпо Иттифоқининг яқинда қабул қилган Сурия исёнчиларига қурол-яроқ эмбаргосини чўзмаслик қарорини қоралади.

Жаноб Рябков бу ҳаракат масалани тинч йўл билан ҳал қилишни чиппакка чиқаришидан хавотир изҳор этди.

Россия расмийсининг айтишича, С-300 ракеталари борасидаги шартнома бир неча йилга тузилган.

Россиянинг НАТОдаги вакили Александр Глушко қурол етказиб беришда "Москва тўлиқ халқаро ҳуқуқлар доирасида ҳаракат қилгани"ни билдирди.

"Биз Суриядаги вазиятни ўзгартириб юборадиган ҳеч нарса қилганимиз йўқ. Бизнинг берадиган қуролимиз мудофаа мақсадига хизмат қилади",- деб айтган у.

"Биз нима қилишни биламиз"

Би-би-сининг Бейрутдаги мухбири Жим Мьюирга кўра, Россиянинг мурожаатига эскалация сифатида қаралиши мумкин.

Олдинроқ, Исроил Сурияга ҳаво ҳужумларини қилмаслик шарти билан Москва Башар Ассадга қурол бермасликка келишилганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Исроил Мудофаа вазири Моше Ялон Россиянинг ракеталари ҳали Сурияга жўнатилмаганини билдираркан, "Мен умид қиламанки, улар чиқарилмайди. Лекин Сурияга етиб келганини билсак, нима қилишни яхши биламиз", деб огоҳлантирмоқда.

Россия Сурия ҳукуматига босим ўтказишга қаршилик қилиб келаётган жуда оз сонли давлатлардан биридир.

Кейинги ойда расмий Москванинг уринишлари орқасида Сурия бўйича халқаро тинчлик анжуман ўтказилиши кутилмоқда.

Суриядаги зиддият

Минтақадаги кучли жангари гуруҳ Ҳизбуллоҳ Сурия ҳукуматини дастаклашини ошкора баён этиб чиқди.

Суриядаги инқироз қўшни давлатлар ва қолаверса бутун минтақага ёйилиш хавфи тобора ҳаёт ҳақиқатига айланиб бормоқда.

Суриядаги жангариларга қурол яроқ етказиб бериш тарафдорларидан бири Британия - мамлакат ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг ўзининг таъбирича, Сурия мухолифати орасидаги "мўътадил" кучларга қурол-яроғ етказиб берилиши керак, деб ҳисоблайди.

Сурия қўшнилари орасида Эрон Ассад ҳукуматининг имкон қадар кўпроқ қудратда қолишини истайди.

Теҳрон учун Сурия фақатгина Ғарбпараст сунний қўшнилар орасида дипломатик ҳамкор эмас, балки Исроилга қарши курашда иттифоқчидир.

Ҳизбуллоҳ ўзининг узоқ масофага мўлжалланган ракеталари билан Исроилга жиддий хавф сола биладиган бир кучдир.

Мутахассисларга кўра, ҳозирги пайтда Исроил- Ҳизбуллоҳ-Сурия учбурчаги атрофида кечаётган воқеа ҳодисалар минтақавий уруш келиб чиқиши учун лозим бўлган омилларга эга.

Бу мавзуда батафсилроқ