"Британия ҳарбийлари 85 афғонни ноқонуний ушлаб турибди"

Image caption Ҳарбий қонунларга биноан гумондорлар 96 соат давомида ушлаб турилиши керак.

Бир гуруҳ юристлар Британия ҳарбийлари Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида 85 та маҳаллий фуқарони махфий бинода ноқонуний ушлаб турган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Уларга кўра, Афғонистон ҳукумати бу ҳибс ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Ҳимоячилардан бири ушбу ҳаракатнинг қанчалик қонунийлигини аниқлаштиришни сўраб Лондондаги Олий маҳкамага мурожаат қилинганини баён этган.

Британия Мудофаа вазирлиги матбуот воизининг таъкидлашича, Ҳелманддаги Кэмп-Бастион базасида халқаро аскарларни ўлдирганлик ва ҳужум қилганликда гумон қилинган жиноятчилар сақланади.

Айни пайтда Британия Мудофаа вазири Филип Хэммонд Кэмп-Бастионда 80 дан 90 тагача афғонлар жангарилар билан алоқадорлик ва террористик фаолиятда гумонланиб ушлаб турилганини тасдиқлаган.

Жаноб Ҳэммонд ҳибслар БМТ мандатига тўғри келадиган қонуний эканини, шунингдек ҳибсдагиларни озод қилиш Афғонистондаги Британия кучларига катта хавф туғдириши мумкинлигини билдирган.

Юристларнинг суриштирувларига кўра, Ҳелманд ва Қандаҳор қишлоқларида ўтказилган рейдлар давомида ҳибсга олинган гумондорлар саккиз ойдан 14 ойгача ҳеч бир айбловларсиз ушлаб турилибди.

Махфий турмада ҳаммадан кўп вақтдан бери сақланаётган икки эркакнинг оила аъзолари уларни ўтган йил баҳорда олиб кетишган, кейин сўроқ қилишганини гапириб берган.

Ҳужжатлар бўйича, сўроқ жараёни ҳам бундан бир неча ой олдин тугаган.

Ўтган ҳафтада икки киши ҳимоячиларга мурожаат қилиш имконини олишади. Бироқ уларга нима учун ушлаб турилганлари сабаби айтилмаган ва айблов ҳам эълон қилинмаган.

Ҳибсдагиларнинг оилалари эркаклар қаерда эканлигини Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ёрдамида аниқлашга муваффақ бўлишади. Бир ўсмир базада 14 ойдан буён сақлангани , бошқа бир йигит бир йилдан буён ушлаб турилгани аниқ бўлган.

Йигитларнинг ҳимоячилари Кэмп Бастонга "махфий турма" деб ном беришган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми шарифлари айтилмаган ҳуқуқбонлар Британия ҳибсдагиларни озод қилиши кераклиги, уларни ушлаб туриш ноқонунийлигини таъкидлашмоқда.

Халқаро кучлар таркибидаги армия ҳарбий қонунларга биноан гумондорларни 96 соат давомида ушлаб туриш ҳуқуқига эга.

Баъзи ҳолатларда хавфсизлик нуқтаи назаридан кўпроқ маълумот тўплаш учун узоқроқ ушлаб туришларига рухсат берилади.

Британия кучларига қарашли Кэмп Бастион Ҳелманд вилоятида, саҳронинг қоқ ўртасида жойлашган база бўлиб, у қаттиқ қўриқланадиган иншоотдир.

Кэмп Бастионда қариийб 30 минг ҳарбий учун шароит мавжудлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ