Туркия: Истанбулда норозиликлар давом этмоқда

Истанбулда полиция тинч намойишчиларга қарши сув ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланганидан сўнг бошланган тўқнашувлар иккинчи кундирки тинмаяпти.

Ҳукуматга қарши намойишларга айланиб кетган норозиликлар тез суръатларда Туркиянинг бошқа шаҳарларига, хусусан Анқара, Измир ва Бодрумга ҳам тарқалган.

Тартибсизликларда камида 60 киши ҳибсга олинган, юздан ортиқ инсон яраланган. Ярадорлардан бирининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда,- деб хабар беради Истанбулдан Би-би-си мухбири.

Шанба куни эрталаб Twitterда тўрт одамнинг ўлгани ҳақидаги хабарлар тарқатилган, бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.

Жума куни маҳаллий парк ўрнига савдо маркази қуриш лойиҳасига қарши тинч намойишни полиция куч билан тарқатишга уриниши тўқнашувларни келтириб чиқарган эди.

Истанбул аҳолиси ҳукуматнинг шаҳардаги яшил ҳудудни йўқ қилаётганидан норози бўлишган.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг шаҳарни қайта таъмирлаш лойиҳаси танқидчилари Гези боғи Истанбулда қолган кам сонли кўкаламзор ҳудуддан бири эканини айтишган.

Истанбул ҳокими Қодир Топбас эса боғнинг бузилиши савдо маркази қурилишига алоқаси йўқлигини, балки бутун майдонни қайта таъмирлашнинг бир қисми эканини таъкидлаган.

Истанбулдаги Би-би-си мухбири Луиз Гринвудга кўра, ҳукумат намойишларни бостиришга Анталия каби чеккароқ ҳудудлардан кўмак олиб келишига тўғри келган.

Унинг айтишича, марказий Таксим тумани ва атрофи, ҳамда шаҳарнинг бир қанча кўприкларида ҳаракат вақтинча тўхтатиб турилибди.

Америка Қўшма Штатлари Истанбулдаги вазият борасида ўз хавотирини изҳор қилди.

Ўз ўрнида Халқаро Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти полициянинг ҳаддан ташқари куч ишлатганини қоралаб чиқди.

Туркия Ички ишлар вазири Муаммар Гулер хавфсизлик ходимларига нисбатан янграётган айбловларни текширишга ваъда бермоқда.

Хабарларга кўра, Истанбул маҳкамаси боғни қайта таъмирлашга қарши шикоятларни кўриб чиқишга қарор қилганидан сўнг, Гезидаги қурилиш ишлари тўхтатилган.

Воқеани кузатаётган Би-би-си мухбирининг билдиришича, фақат экологик шиорлар кўтарилган тинч намойишдан сиёсий акцияга айланган ҳаракат қатнашчилари 2002 йилдан буён қудратда бўлган Ражаб Эрдўғон ҳукуматини яккаҳокимликни мустаҳкамлаб бораётганликда айблашяпти.

Айни пайтда, Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон охирги йиллардаги энг жиддий аксилҳукумат намойишларини зудлик билан тўхтатишга чақирган.

Жаноб Эрдўғон намойишларга сабаб бўлган Истамбулнинг баҳсли қайта қуриш режаси давом эттирилишини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ