Туркия: Истанбулдаги тунги тўқнашувларда ярадорлар бор

Истанбулнинг қадимий Бешиктош туманида норози оломон ва полиция ўртасидаги тунги тўқнашув Туркияда ўтган ҳафтадан буён давом этаётган норозиликларнинг энг қонлиси бўлган.

Масжид, дўкон ва майдонга яқин жойлашган университет биноси вақтинчалик ярадорларга биринчи ёрдам кўрсатиш масканларига айлантирилган.

Йўлларни ёпишди

Би-би-си мухбирига кўра, Бешиктош футбол ўйингоҳи олдидаги тунги намойишларда 10 мингга яқин киши қатнашган.

Йўлларни тўсиб, баррикадалар қурган одамларга қарши полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Истанбулдаги мухбиримиз Луиз Гринвуднинг хабар беришича, кўпчилик намойишчилар газдан заҳарланиб қайд қилишган, яна бир қанчасида кучли йўтал бошланган.

Кейинги икки кун ичида мамлакатнинг 67 шаҳрида 1700 киши ушланган, кейинчалик уларнинг кўпчилиги қўйиб юборилгани айтилган.

Туркия шифокорлар Ассоциацияси маълумотларига биноан, 484 та намойишчи Истанбулдаги касалхонага ётқизилган.

Полиция намойишларнинг иккинчи марказига айланган Бош вазир идораси атрофини норози оломондан ҳимоя қилиш учун ўраб олгани хабар қилинмоқда.

Тартибсизликлар Анқара ва бошқа ўнлаб шаҳарларда ҳам кузатилган.

Якшанба куни тунда Оқ Уй урушаётган томонларни муросага чақирган ва Туркия ҳукуматига "тинч намойишлар демократиянинг бир қисми ҳисобланиши"ни эслатган.

АҚШ олдинроқ хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши куч ишлатганини қоралаб чиққан эди.

Норозиликларга Истанбул шаҳридаги Гези истироҳат боғи ўрнида савдо ва дам олиш мажмуаси барпо этиш режаси сабаб бўлганди.

Фақат экологик шиорлар кўтарилган тинч намойишдан сиёсий акцияга айланган ҳаракат қатнашчилари 2002 йилдан буён қудратда бўлган Ражаб Эрдўғон ҳукуматини яккаҳокимликни мустаҳкамлаб бораётганликда айблашди.

Душанба куни Туркия Бош вазири ўтган жумадан буён мамлакатни қамраб олган аксилҳукумат чиқишларини ғазаб билан қоралаган.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон намойишлар экстремистлар томонидан уюштирилгани ва мухолифат тарафидан дастакланганини айтган. Унга кўра мақсад, турк фуқароларини гиж-гижлаш бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ