Президент Путин оиласидан ажрашди

Image caption Путин оиласи маданий тарзда ажралганини билдирди.

Россия Президенти Владимир Путин ва аёли Людмила Путина никоҳлари хотима топган.

Бу ҳақда Путинлар жуфтлиги пайшанба куни Кремл саройида "Эсмеральда" балетини томошасидан сўнг "Россия 24" телеканали мухбирига берган интервьюда расман маълум қилишган.

"Биз шундай умумий қарорга келдик- бизнинг никоҳимиз тугади",- деб айтган жаноб Путин.

Шу билан бирга, Владимир Путин ўзининг вазифаси бутунлай омма билан боғлиқлиги ва бу ҳолга ҳамма ҳам дош беролмаслигини таъкидлаган.

"Бу ҳақиқатдан бизнинг якдил қароримиз бўлди. Бизнинг никоҳимиз тугашига асосий сабаб, биз деярли кўришмаймиз. Владимир Владимирович ишга ўзини бутунлай бахш этган, бизнинг болаларимиз эса энди улғайишди ва улар мустақил ҳаётларини яшашмоқда. Тақдир тақозоси билан, ҳамма ўз ҳаётини яшамоқда, мен омма кўзида бўлишни ҳақиқатда ёқтирмайман. Лекин биз бир умр энг яқин кишилар бўлиб қоламиз. Мен Владимир Владимировичдан доим мени қувватлаб келгани учун миннатдорман",- деган Людмила Путина.

Путин қизлари

Владимир Путин ва Людмила Путина 1983 йил 28 июлда турмуш қуришган ва деярли 30 йил бирга яшашди. Уларнинг Мария ва Екатерина исмли икки қизи бор.

Путиннинг қизлари ҳақидаги расмий маълумотлар жуда кам.

Путин интервьюсида қизлари ҳақида тўхталиб, "Биз уларни жуда яхши кўрамиз ва фахрланамиз. Улар ҳақиқатда улғайишди ва ўз ҳаётларини қуришди. Фарзандларимиз Россияда катта бўлишди, шу ерда маълумот олишди ва Россияда яшашяпти", деди.

Охирги пайтлар Владимир Путин оиласи билан оммавий тадбирларда жуда кам кўрингани матбуотда ва одамлар орасида уларнинг муносабати яхши эмаслиги ҳақидаги турли миш-мишларни кучайтирган.

2007 йил Италияда бўлган матбуот анжуманида мухбирлардан бири Россия Президентидан унинг гимнастикачи Алина Кабаева билан муносабатлари ҳақида сўраган, Путин эса бу гапларда ҳеч бир ҳақиқат йўқлигини урғулаган эди.

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков пайшанба кечқурун Путин оиласи берган қарорни тасдиқлади, лекин расмий ҳужжатлар ҳали имзоланмаганини билдирди.

Шунингдек, Песковнинг айтишича, ажримни эълон қилиш атайлаб тайёрланмаган, матбуотда тарқалган миш-мишлар борасида мухбирнинг саволига жавоб берилган холос.

Интерфакс агентлигининг "Путин оиласи томоша учун нега айнан "Эсмеральда" балетини танлагани" ҳақидаги саволига матбуот котиби бу балет ғамгин эмас, балки ҳаётийлигини қайд этди.

Бу мавзуда батафсилроқ