Барак Обама телефон ва Интернетни назорат қилиш амалларини ёқлаб чиқди

АҚШ президенти Барак Обама ҳукумат томонидан олиб борилган телефон алоқаси ва Интернетни кузатиш амалларини ёқлаб чиқди.

Жаноб Обамага кўра, бу каби назорат маҳкама ва Конгресс розилиги билан олиб борилган.

АҚШ Президентининг айтишича, телефон алоқалари ва Интернетдан фойдаланишни назорат қилиш мобайнида "шахс эркинлиги ва хавфсизлик ўртасида мувозанат" сақланган.

Унинг шунингдек изофа қилишича, АҚШда америка фуқароларининг Интернет алоқалари кузатилмаган. "Ва ҳеч ким сизнинг телефон сўзлашувларингизга қулоқ тутмаяпти", деди Барак Обама.

Яқинда Британияда чоп этиладиган "Guardian" ва Америкадаги "Washington Post" рўзномаларида АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги телефон ва Интернет орқали улкан миқдорда маълумотларни йиғаётгани ҳақида маълумот чоп этилганди.

Facebook раддияси

Фаоллар бу каби назоратни шахс эркинликларига ноқонунуий равишда дахл қилиш сифатида баҳоладилар. Конгресс эса бу терроризмга қарши курашда оқланган усул демоқда.

"Guardian" нинг ёзишича, маҳкаманинг маҳфий ҳукмига мувофиқ Verizon телефон ширкати Миллий Хавфсизлик Агентлигига телефон алоқалари борасида миллионлаб рўйхатни топшириши лозим бўлган.

Бундан сўнг "Washington Post" ва "Guardian" да Миллий Хавфсизлик агентлиги тўғридан -тўғри 9 йирик Интернет ширкатларининг серверларини кириб текширганлиги ҳақида ёздилар. "Призма" лойиҳаси остида серверлари текширилган ширкатлар орасида Facebook, Google, Microsoft ва Yahoo лар борлиги айтилди.

Facebook асосчиси Марк Цукерберг матбуотда пайдо бўлган бу хабарларни "жирканч", дея атаб Facebook нинг бу лойиҳада иштирок этганлигини рад этди.

Ҳудди шунга ўхшаш раддияларни бошқа ширкатлар ҳам баён этишди. Улар ўз серверларига киришга рухсат бермаганликларини билдиришди.

"Биз ҳеч қачон Verizon ширкати маъулумотларни тақдим қилиш борасида олганидек ҳукуматдан бу каби талаб ёда маҳкама ҳукмини олганимиз йўқ. Агарда бу каби талаб келиб тушганида ҳам биз унга қарши қаттиқ курашган бўлардик. "Призма" лойиҳаси ҳақида биз ҳеч қачон эшитмаганмиз", деди Facebook асосчиси.

Бундан ташқари жума куни "Guardian" Британия электрон назорат агентлиги GCHQ "Призма" лойиҳасида иштирок этгани учун Америка Интернет ширкатлари серверларидаги маълумотларни кўриш имконига эга эканлиги ҳақида хабар қилди.

"Guardian" нинг ёзишича, GCHQ бу лойиҳада 2010 июн ойидан бери иштирок этиб келган ва бу асосда олинган маълумотлар шу вақтгача Британия Жосуслик Хизматининг 197 ҳисоботига киритилган.

Жаноб Обаманинг айтишича, бу лойиҳалар Конгресс томонидан бир неча маротаба тасдиқланган ва махсус қўмиталар томонидан мутассил назорат қилиб турилган.

Унга кўра, Президентлик вазифасига келган вақти бу лойиҳаларга шубҳа билан қараган, лекин уларни синчиковлик билан ўрганиб чиқиб, қўшимча хавфсизлик чоралари киритилганидан сўнг "арзирли чора" деган хулосага келган.

"100 фоиз хавфсизликни таъминлаган чоғда 100 фоиз шахсий дахлсизликка ҳам эришиш мумкин, ва шу билан бирга ҳеч қандай ноқулайлик вужудга ҳам келмаслиги мумкин", деди жаноб Обама.

Лекин бу йўлда баъзи ён босишларга борилганлигини тан олган АҚШ Президенти, ўта мушкул танлов борасида қарорлар олинганлигини айтди.

Айтилишича, Verizon телефон ширкатидан талаб қилинган маълумотлар фойдаланишда бўлган телефон рақамлари, қилинган қўнғироқлар ва уларнинг узунлиги ҳақида бўлган. Айни вақтда сўзлашувлар, телефон эгалари манзиллари ёда молиявий маълумот талаб қилинмаган.

"Призма" лойиҳаси фойдаланувчилар борасида маълумотларни жамламаслиги, балки қидирилаётган калит сўзга мос келувчи маълумотни излаб топишга асосланганлиги айтилмоқда.

АҚШ Жосуслик Агентлиги раҳбари Жеймс Клаппернинг айтишича, Интернетни назорат қилиш дастури Америкадан ташқарида бўлган ва мамлакат фуқаролари бўлмаганлар ҳақида жосуслик маълумотларни олиш учун ишлаб чиқилгандир.

Аммо "Washington Post" нинг ёзишича, америкаликларнинг Интернетлари назорат остига олиниши кўзда тутилмаган бўлса ҳам, изланаётган нишон ҳақида маълумот олиш мақсадида америкаликлар фойдаланган кўплаб маълумотлар ҳам назоратдан ўтказилган.

"Призма" лойиҳаси Президентга кундалик равишда тақдим қилинадиган жосуслик ҳисоботи ва жосуслик ҳисоботларига маълумот етказиб беришда асосий асбоблардан бирига айлангани айтилмоқда.