Лондондаги Исломий мактабни ёқиб юбориш гумонида тўрт ўспирин қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Лондон шимолидаги Исломий марказга ўтган ҳафта ўт кетганди

Лондон полицияси шаҳар жануби-ғарбида жойлашган Исломий мактаб-интернатни ёқиб юборишда гумон қилиб, тўрт ўспиринни ҳибсга олди.

Шанба куни "Дорул Улум" номли Исломий мактабга ўт кетаркан 128 талаба ва ўқитувчи эвакуация қилинганди.

Якшанба куни Лондон полицияси икки 17 ва икки 18 яшар ўспиринни ҳибсга олган.

Полициянинг айтишича, ёнғин бинога катта зарар етказмаган, тутундан заҳарланган икки шахс ҳозирда шифохонада даволанмоқда.

Гумонланган шахслар Лондон жанубидаги полиция бўлинмасида ушлаб турилибди.

Командир Саймон Летчфорднинг Би-би-сига маълум қилишича: "Бахтли тасодиф туфайлигина ёнғин олди олинган. Ўт кетган жой тез аниқланган."

Полиция сўзчиси жамоатчиликни сокинликка ва ёнғин сабаблари ҳақида турли фаразларга берилмасликка чақирган.

Ўтган чоршанба куни Лондон шимолидаги Мазвелл-Ҳилл мавзесида Исломий марказга ўт кетганди.

Лондон полицияси бошлиғи сэр Бернард Ҳоган-Ҳоу Британия пойтахтида юз берган икки шубҳали ёнғин ортидан қатор мусулмон муассисаларини туну кун қўриқлашга буйруқ берган.

Сэр Бернард икки ёнғинни британ аскари Ли Ригбининг 22 май куни Лондон шарқида ҳалок этилишига боғлаган.

Лондон полициясининг бошлиғи жамоалар ўртасида адоватни ёйиш уринишларига ён берилмасликка чақирган.

"Биз Ли Ригби ўлимини лондонликлар ўртасидаги бўлинишлар сабаби бўлиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак", - дея илова қилган полиция бошлиғи.

Ички масалалар бўйича Би-би-си мухбири Дэнни Шоу таъкидлашича, полиция комиссарининг баёноти Лондондаги вазиятнинг нақадар жиддий экани ва полициясининг этник озчиликлар хавфсизлигидан чуқур ташвишда эканини кўрсатадии.

"Лондон полицияси ҳужумлар такрорланиши мумкинлигини тахмин қилади", - дейди Би-би-си мухбири.

Британияда яшовчи мусулмонлар сони ярим аср муқаддам 50 минг бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони деярли 3 миллионга етган.