Олмония: тошқин туфайли ўн минглаб инсонлар ўз уйларини тарк этмоқда

Image caption Олмон мулозимлари тошқинни миллий ҳалокатга тенглаштирмоқдалар

Шарқий Олмонияда Магдебург шаҳри яқинида Элба дарёси тўғони тошиши оқибатида 23 мингга яқин одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Ҳозирда Магдебург яқинида сув сатҳи пасаяётган эса-да, қўшни минтақалар ҳануз хавф остида қолмоқда.

Можаристонда сув остида қолган ҳудудлардан 1200 нафар инсон кўчирилган.

Марказий Оврўпога келган тошқиндан аллақачон 18 инсон ҳалок бўлган. Тошқин етказган зарар миллиардлаб еврога тенглаштирилмоқда.

Олмония ҳукумати мамлакат шарқидаги яна бир неча тўғон сув сатҳининг дош бера олмаслиги мумкинлигидан хавотирга тушган.

Олмония президенти Иоахим Гаук Магдебург минтақасига сафар қилган ва маҳаллий аҳолининг табиий офатга қарши қандай қилиб курашаётганидан қойил қолганини айтган.

Сув тошқини тез орада Олмониянинг шимолий минтақаларига ўтиши кутилмоқда.

Берлин шарқига келган тошқин сабабли пойтахтни Келн, Франкфурт ва Амстердам билан боғлаб турувчи темир йўл хатти беркитилган.

Олмония канцлери Ангела Меркел офатдан зарар кўрган минтақалар раҳбарлари билан учрашган ва офат оқибатларини бартараф этиш учун зарур бўлган молиявий манбалар ҳақида суҳбатлашган.

Олмониялик сиёсатчилар бу галги тошқинни миллий ҳалокатга тенглаштирмоқдалар.