Кобулдаги Олий маҳкама биноси олдида худкушлик ҳужуми

Кобулдаги Олий маҳкама биноси яқинида юз берган портлашда камида 16 киши ҳаётдан кўз юмган.

Шаҳар полицияси ҳужум худкушлик амалиёти бўлганини билдирган.

Ҳодисада қарийб 40 киши тан жароҳати олгани хабар қилинмоқда.

Олдинроқ чиққан хабарларда шаҳарнинг хорижий ваколатхоналар жойлашган ҳудудида йирик портлаш овози қулоққа чалингани айтилганди.

Олий маҳкама биноси Кобулдаги қаттиқ қўриқланувчи Америка элчихонаси ва НАТОнинг Афғонистондаги бош қароргоҳидан 200 метрлар узоқликда жойлашган.

Портлаш маҳкама хизматчилари ишдан уйларига қайтаётган пайт рўй берган.

Шоҳидлар пачақланиб кетган автомашинани ва ойналари тўкилиб кетган автобусларни кўришганини айтишган.

Би-би-сининг Кобулдаги муҳарририга кўра, бу 2011 йил охиридан бери шаҳарда кузатилган энг ҳалокатли ҳужум бўлган.