Ироқдаги портлашлар 70дан ортиқ инсон умрига зомин бўлди

Image caption Портлашлар Жудейд аш-Шатдаги мева бозори олдида содир бўлган.

Мамлакат шимолидаги шиалар мавзесида содир этилган иккита портлаш камида 70 кишининг ёстиғини қуритган.

Ироқ расмийларига кўра, икки автомашина ва ҳудкуш ҳужумчининг асосан шиалар истиқомат қиладиган Жудейд аш-Шат шаҳрининг гавжум қисмида портлаши натижасида 13 киши ўлган, 50 нафари яраланган.

Мосул шаҳрида автомашиналар портлаши камида 24 инсонни ҳаётдан олиб кетган.

Кетма-кет содир этилган ҳужумларда ўнлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ироқда одатий ҳолга айланиб бораётган мазҳаблараро ҳужумларнинг оқибатлари жуда хавотирлидир.

Қонли май

Ўтган ой мамлакат учун энг қонли ойлардан бири сифатида қайд этилди. БМТ маълумотларига биноан, ҳужумларда 1045 тинч фуқаро ва хавфсизлик ходимлари ўлдирилган.

"Мен тарвуз сотиб ўтирган эдим ва жуда кучли портлаш овозини эшитдим,- деб айтган маҳаллий деҳқон Ҳасан Ҳадий Рейтер агентлигига.- Мен чанг ва тутундан зўрға қочиб чиқдим, бироздан сўнг бу ер теп-текис бўлиб кетди".

Шиалар яшайдиган бу туманда уч ҳафта олдин 10 шиа-зиёратчи ўлдирилган, ундан олдин суннийлар масжиди олдидаги портлашда 41 киши ҳалок бўлган эди.

Душанба куни Боғдод чеккасидаги балиқ бозорида автомашина портлаши етти кишининг умрига зомин бўлган.

Ҳозирча, қатор портлашларга масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўзига олмаган, бироқ мамлакатда кўпчиликни ташкил қиладиган шиалар ва сунний озчилик ўртасидаги қарама-қаршилик тинимсиз ошиб бормоқда.

Сунний мусулмонлар ҳукумат томонидан дискриминация қилинаётганларини айтиб келишади, аксарияти шиаларни ташкил қилувчи бошқарувдагилар эса бу даъволарни рад қилишади.

Бу мавзуда батафсилроқ