Дунёнинг энг кекса одами 116 ёшида вафот этди

Image caption Жироемон Кимура 90 ёшига қадар ўғлига дала ишларида ёрдам берган

Япониялик расмийларнинг хабар беришларича, дунёнинг энг кекса одами, инсоният тарихида энг кўп умр кўргани қайд этилган шахс 116 ёшида оламдан ўтган.

Жироемон Кимура чоршанба куни Кйото вилоятининг Кйотанго шифохонасида вафот этди, дейилади расмий баёнотда.

Декабр ойида Гиннес Рекодлар Китоби жаноб Кимурани тарихда энг узоқ умр кўрган шахс дея қайдга олганди.

Жаноб Кимура 7 фарзанд, 14 невара, 25 эвара ва 13 чеваралик бўлган.

У 1897 йилнинг 19 апрелида таваллуд топганди.

Нафақага чиққунга қадар Жироемон Кимура почтада ишлаган ва 90 ёшига қадар ўғлига деҳқончилик ишларида ёрдам берган.

"Узоқ умр кўрай десанг, енгил овқтлан"

Декабр ойида маҳаллий рўзномалардан бирига берган интервюсида жияни Тамотсу Мияке Кимурада "яшаш учун ҳайратланарли даражада кучли иштиёқ" бўлганини айтганди.

"У тўғри ва соғлом ҳаёт ўтказаётганига ишонади," - деб айтган Тамотсу Мияке.

Аммо 115 ёшини қутлаган кун берган интервюсида жаноб Кимуранинг ўзи бунча узоқ умр кўра олгани сабабини аниқ билмаслигини айтганди.

"Балки буларнинг бари қуёш туфайли бўлса керак," - деб айтган ўшанда жаноб Кимура . - "Мен доимо қуёшга қараб яшайман."

Блумберг ахборот агентлигидан журналист Каноко Матсуяма жаноб Кимура билан унинг уйида ўтган йили учрашган.

"У менга узоқ умр кўриши сиррини енгил овқатланиши билан изоҳлаган эди," - деди Матсуяма хоним Би-би-си билан суҳбатда.

"Айни дамда, унинг боқувчиси бўлган невара-келини, Аико, хушбинлиги уни узоқ умр кўришига сабаб бўлганини айтди," - дея илова қилади Каноко Матсуяма.

Хабарларга кўра, энди Осакалик Мисао Окава исмли 115 ёшли аёл ер юзида ҳаёт бўлган энг кекса инсон деб топилиши мумкин.

Мисао Окава ҳозирда ер юзидаги энг кекса аёл деб тан олинган.

Бу мавзуда батафсилроқ