'Сув устидан яна бир уруш юз бериши мумкин'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эфиопиянинг ўтган ой сув тўғони қуриш учун Нилга қуйилувчи Кўк Нил дарёсини бўғиш ҳаракатлари Мисрни ҳайратда қолдирган

Миср Эфиопия қуришга киришган тўғон Нил дарёсидан олаётган сувларига зиғирча таъсир қилса, бунга қарши "ҳар қандай чорани қўллаш" билан огоҳлантирмоқда.

Президент Муҳаммад Мурсий бевосита "урушга даъват этаётгани йўқ"лиги, бироқ мамлакатининг сув захираларига кимнингдир дахл қилишига умуман йўл қўймаслигини айтган.

Эфиопиянинг ўтган ой сув тўғони қуриш учун Нилга қуйилувчи Кўк Нил дарёсини бўғиш ҳаракатлари Мисрни ҳайратда қолдирган.

Иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Миср чегаралароша ўтувчи Нил дарёсининг сувига ниҳоятда қарам.

Буюк Эфиопия Уйғониш Тўғонининг қиймати қарийб 5 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Янги сув тўғони тўлиқ ишга тушиб кетса, 6.000 меговатт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши мумкин.

Эфиопия томонининг айтишича, Кўк Нил дарёси сувини фақат бир озга бўғиб туриб, кейин қўйиб юборишади.

Аммо, Миср президентининг баён қилишича, "мамлакатининг сув хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш учун, давлат раҳбари сифатида, барча имкониятларини ишга солади".

Ҳадя

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption "Агар, Миср Нилнинг туҳфаси бўлса, Нил Мисрга берилган тортиқдир"

"Агар, Миср Нилнинг туҳфаси бўлса, Нил Мисрга берилган тортиқдир", деб айтган жаноб Мурсий ўзининг телевизион чиқишида.

"Битта улкан одам сифатида барча мисрликларнинг ҳаётлари ана шу дарё сувига боғлиқ. Унинг бир томчи сувининг камайиши бизнинг жонимиз ҳисобига бўлади".

Аммо, айрим таҳлилчиларга кўра, одамларни ўз мамлакати юз тутиб турган жиддий сиёсий ва иқтисодий муаммолардан чалғитиш учун Миср президенти сув масаласидан фойдаланаётган бўлиши мумкин.

Шимолий Африка давлатлари орасида, айниқса, Миср Нил сувига жуда қарам ва аҳолиси сонининг жадаллик билан ортиб бораётгани вазиятни янада қийинлаштирган.

Устига устак, Суданнинг куни ҳам Нил дарёсининг сувисиз ўтмайди.

Миср томони Нил дарёсининг сувига эгалик қилишда мустамлакачилик даврида амал қилган тартиб-қоидаларга таянади.

Мисрликларнинг иддао этишларича, дарё сувининг аксарияти ўзлари ва Суданга тегишли бўлиши лозим.

Бироқ Эфиопиянинг даъво қилишича, у тартиб-қоидаларнинг даври ўтиб бўлган.

Миср президентининг айтишича, "мамлакатининг қонуний ва тарихий ҳуқуқларига дахл қилмаса, бу каби тўғонларнинг қурилишига қарши эмаслар".

Бироқ ўтган ҳафта жонли телевизион мулоқотлар чоғида мисрлик айрим сиёсатчилар тўғонлар масаласида ҳарбий танловни ҳам истисно этмаслик ҳақида сўз юритишганди.

Яна бир огоҳлик

Image caption 'Сув захиралари Марказий Осиёда ҳам давлатлараро можароларга сабаб бўлиши мумкин'

Ўтган йил охирида АҚШ Миллий Жосуслик кенгаши ўзининг йиллик ҳисоботида, 'Сув захиралари Марказий Осиёда ҳам давлатлараро можароларга сабаб бўлиши мумкин', деган тўхтамга келганди.

Ҳисоботда айтилишича, 2030 йилга бориб, сув захиралари минтақада ҳам ички ва ҳам халқаро миқёсдаги можароларнинг энг асосий сабабига айланиши мумкин.

Аён бўлишича, бунга ҳисоботда тилга олиб ўтилган минтақаларда аҳоли сонининг кўплиги ва қурғоқчилик сабаб, сув захиралари миқдорининг жадаллик билан ўзгариши сабаб бўлиши мумкин.

Ҳисоботда янграган башоратларга қаралса, аксарият дарёларнинг чегараоша экани боис, ушбу мамлакатлар орасидаги мавжуд бошқа келишмовчиликлар манзарасида давлатлараро можаролар эҳтимолини назардан соқит этиб бўлмайди.

Маҳаллий таҳлилчилар ҳам сув захиралари юзасидан айрим Марказий Осиё давлатлари орасида аллақачон келишмовчиликларнинг мавжудлиги, аҳоли сонининг ортиши ва энергия маҳсулотларига бўлган талабнинг кучайиши мавжуд низоларни янада оловлантириши эҳтимолини инкор этишмайди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса, ўтган йил сентябр ойида Қозоғистонга қилган сўнгги сафари чоғидаТожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб, "вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши эҳтимоли" мавжудлиги билан огоҳлантирганди.

Унинг бу чиқиши минтақадаги айрим давлатлар томонидан хавотир билан ҳам қарши олинганди.

Президент Каримов эса, "чегаралароша дарёлар масаласида минтақа давлатлари жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ тутиши лозим"лигини таъкидлаб келади.