Facebook ва Microsoft кимнинг маълумотларини махсус хизматларга берган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Яқинда Facebook Швецияда маълумотлар базасини ташкил қилди.

Америка Қўшма Штатлари истиҳборот хизматлари Facebook ширкатидан 2012 йилнинг иккинчи ярмида Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари шахсий маълумотларини тақдим этишни сўраб 9000-10000 мурожаат билан чиққан.

Бу ҳақда Facebook ширкатининг ҳуқуқшуноси Тед Улиот эълон қилган.

Тед Улиот сўровлар ҳақида Facebookнинг блогида ёзган.

Унга кўра, Америка махсус хизматлари Facebookнинг 18000-19000 фойдаланувчиси ҳақидаги маълумот билан қизиққанлар, бу ҳар ойда бир ярим минг сўров деганидир.

Сўровлар террорчилик таҳдидлари, қидирув эълон қилинган жиноятчилар, йўқолиб қолган болалар ва қонун бузиш ҳолларига тааллуқли бўлган.

Айни пайтда Microsoft ширкати 6000-7000 мартача махсус хизматлардан сўровлар олганини, улар 31000 билан 32000 орасидаги фойдаланувчининг шахсий маълумотлари билан қизиққанлар.

Facebookнинг юристи Тед Улиот 19000 тача сўров ширкат томонидан қай тарзда қондирилгани ҳақида маълум қилмаган, бироқ унинг ёзишича, Facebook ўз фойдаланувчилари маълумотларини "агрессив" ҳимоя қилган.

Facebook билан Microsoft баёнотлари собиқ жосус Эдвард Сноуден Америка жосуслик хизматларини инсонларнинг шахсий маълумотларидан бемалол фойдаланаётганликда айблаб чиқиши ортидан янграмоқда.

Ўтган ҳафта АҚШ Марказий Истиҳборот Бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуден Америкадаги Prism дастури ҳақида Британияда чоп этиладиган Guardian ва АҚШдаги Washington Post рўзномаларига маълум қилган.

Ва Facebook, Google, Yahoo, Apple ва Microsoft ширкатларини Америка махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаган.

Жаҳондаги йирик Интернет ширкатлари Эдвард Сноуденнинг даъволарини рад этиб чиқдилар.

Guardian ва Washington Post рўзномалари мақолаларни эълон қилишидан олдин Эдвард Сноуден Ҳонконгга қочди.

Сўнг Сноуден Ҳонконгдаги меҳмонхонадан ғойиб бўлди, ҳозир унинг қаерда экани номаълум.