Туркияда намойишларнинг янги тўлқини бошланиши мумкин

Полиция намойишчиларни тунда куч ишлатиб Гези паркидан қувиб чиқарганидан кейин Истанбул шаҳрига нисбатан тинчлик чўккан.

Намойишчилар баррикадалар қуришган, полицияга қарата ёқилғи тўлдирилган идишлар отганлар, кўздан ёш сиздирадиган газ ва сув пуркагичлар қўллаган полиция Гези паркини намойишчилардан тозалаган.

Эрта тонгда эса минглаб намойишчилар яна Тақсим майдони ва Гези боғи томон юра бошлаганлар.

Якшанба куни ижтимоий тармоқлар орқали Истанбул халқини аксилҳукумат намойишларига чақириқлар янграган.

Бунга сабаб Гези истироҳат боғида чодир тикиб олган намойишчиларнинг полиция томонидан куч билан сиқиб чиқарилиши бўлгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, шаҳарнинг турли чеккаларидан йиғилиб келган намойишчиларнинг сони 50 мингга етади.

Ҳукуматнинг сиёсатидан норози одамлар Тақсим майдонига олиб борадиган кўчаларда автомашиналари билан йўлларни тўсганлар.

Ўз навбатида полиция марказий кўчаларга олиб борадиган йўлларни ёпиб, намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ, резина ўқлар ва сув пуркагичларни ишга солган.

Полиция Гези боғи ёнидаги намойишчилар қўлбола касалхона қурган меҳмонхона биносига бостириб кирган. Бунинг учун кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқин гранаталарини қўллаган, деб хабар беради Рейтер агентлиги.

Бундан ташқари полиция намойишчиларнинг баъзилари яширинган "Hilton" меҳмонхонасига ҳам кириб борган.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси полициянинг ҳаракати туфайли 29 киши зарар кўрган.

Би-би-си мухбири айтишича, газнинг ҳиди боғдан бир чақирим масофадан ҳам сезилади.

Туркия оммавий ахборот воситалари ёзишича, икки ҳафта давомида норозилик акциясининг маркази бўлган боғ бўм-бўш, унга олиб кирувчи барча йўллар полиция кучлари томонидан ўраб олинган.

Бироқ яқин кўчаларда норозиликлар давом этаётгани хабар қилинади. Бир қанча одамлар куйиш жароҳатидан шикоят қилишган ва тахмин қилишларича, сувга қандайдир кимёвий модда қўшилган бўлиши мумкин.

Анқарада ҳам полицияга қаршилик қилган 30га яқин киши ҳибсга олинган.

Истанбулда хавфсизлик кучлари

Айни пайтда Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон партияси тарафдорлари намойишларга тайёргарлик кўрар экан, ҳукумат чекка вилоятлардан кўплаб махсус полиция кучларини марказга сафарбар этган.

Отатурк аэропортига мингга яқин ҳарбий келиб тушган ва автобусларга ўтирғизиб шаҳар марказига олиб кетилган.

Dogan ахборот агентлиги хабарига кўра, Истанбулда вазиятнинг ўзгариши мумкинлиги инобатга олиниб, яна 350 полициячи Тақсим майдони ҳудудига жалб қилинган.

Полиция майдоннинг атрофини ўраб олиб, йўловчиларнинг ҳужжатини текшириб ўтказа бошлаган.

Шунингдек, Анқарада намойишларда ҳалок бўлган тўрт кишининг хотирасига йиғилган одамларни полиция куч ишлатиб тарқатган.

Истанбулдаги мухбиримизга кўра, шаҳардаги вазият таранглашган, мухолифат одамларни яна намойишга чорламоқда.

"Нима учун ўтирибсиз? Тарқалинг!"

Гези истироҳат боғини тозалашдан олдин, Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон якшанба куни белгиланган "Адолат ва тараққиёт партияси" тарафдорлари намойишигача чодирларни йиғиштиришни талаб қилди. Акс ҳолда мухолифатчиларга қарши куч ишлатиш билан огоҳлантирди.

"Ёшлар, сиз бу ерда узоқ вақт бўлдингиз, сизга қулоқ солдик. Нима учун ҳамон ўтиришда давом этмоқдасиз?"- деб айтди Эрдўғон телемурожаатида.

Бироқ боғдагилар Бош вазир боғни қайта қуриш лойиҳаси вақтинча тўхтатилгани ҳақида ваъда берганига қарамасдан, тарқалишни истамадилар.

Намойишчиларнинг айтишича, уларнинг талаблари фақат боғни асраб қолиш эмас, балки кенгроқдир.

Намойишлар пайти тузилган "Тақсим бирдамлиги" стихияли гуруҳи шанба куни норозилик ҳаракати давом этишини маълум қилди.

"Биз илгари сурган талаблар аниқ ва бизнинг адолатли талабларимиз ҳукумат томонидан бошиданоқ инкор этилди. Шундан кейин бўлиб ташлаш, фитнага ундаш ва қаршиликнинг қонунийлигини издан чиқариш ҳаракатлари бошланди", дейилади "Тақсим бирдамлиги" тарқатган баёнотда.

"Биз мамлакатимизда рўй бераётган ҳар қандай адолатсизлик рўпарасида ўзимизнинг қаршилигимизни давом этдирамиз. Бу фақат бошланиши", дейилади гуруҳ баёнотида.

Бу мавзуда батафсилроқ