"Йирик саккизлик" раҳбарлари Сурия масаласини муҳокама қилишмоқда

Image caption Сурия борасидаги фарқлиликлар саммитга соя солиши мумкин

Шимолий Ирландияда "Йирик саккизлик" раҳбарларининг саммити бошланган.

Кун тартибидаги асосий масала- Суриядаги зиддият.

Якшанба куни Британия Бош вазири Дэвид Камерон Суриянинг муҳим иттифоқчиси бўлган Россия Президенти Владимир Путин билан учрашган.

Уларнинг ҳар иккаласи кейинроқ АҚШ Президенти Барака Обама билан алоҳида-алоҳида музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Қўшма Штатлар ўтган ҳафта Суриядаги исёнчиларни қуроллантиришини эълон қилган.

Обама маъмурияти Башар Ассадни кимёвий қурол ишлатишда айблайди.

Россия кимёвий қурол ишлатилганини тасдиқловчи далиллар етарли эмаслигини айтган.

Британия бош вазири билан музокаралардан сўнг гапирган Президент Путин Сурияда "ҳар икки томоннинг қўли қонга ботгани"ни айтган.

Би-би-сининг дипломатик мухбири Жонатан Маркусга кўра, ғарб билан Россия ўртасида Сурия масаласидаги фарқ "Йирик саккизлик" раҳбарларининг учрашувига соя соладиган даражада катта.

Жосуслик можароси

Саммит арафасида "Гардиан" рўзномаси Британия "Йирик йигирмалик" ҳайъатлари ортидан жосуслик қилгани ҳақидаги мақолани чоп этган.

Рўзнома АҚШ Марказий Жосуслик Бошқармасининг собиқ ходими Эрвард Сноуден сиздирган ҳужжатлардан иқтибос келтиради.

Улардан англашилишича, 2009 йилда Лондонда ўтган "Йирик йигирмалик" раҳбарларининг олиймақом учрашуви чоғида британ махсус хизматлари хорижий сиёсатчилар ва мулозимларининг компютерларини кузатган.

Британ жосуслари, жумладан, саммит иштирокчиларининг электрон почталарига келаётган хатларни ўқиш ва мулозимларнинг BlackBerry мобил телефонларидаги қўнғироқларни эшитиш учун махсус интернет кафелар ташкил этишган.

Жосуслар Россиянинг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев ҳамда Туркия Молия вазири, шунингдек, яна 15 нафар турк расмийларини нишонга олишгани айтилади.

"Гардиан"нинг ёзишича, британ жосуслик хизматларининг амалиётини ўша пайтдаги Бош вазир Гордон Браун ҳукумати маъқуллаган.

Бу мавзуда батафсилроқ