Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Афғонистон ҳукумати Толибон билан музокаралар бошлайди'

Image caption Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокаралар таклифини рад этиб келаётганди

Оқ Уйга кўра, Қўшма Штатлар бир неча кун ичида Толибон билан тўғридан-тўғри музокараларни очиб беради.

Йиғин Қатарда бўлиб ўтади. Афғон исёнкорлари узоқ вақтдан бери Қатар пойтахти Доҳада ўз расмий идоралари очилишини кутишаётган эди.

Аввалроқ, Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай юқори мартабали ҳайъат Толибон билан музокаралар учун жўнатилиши ҳақида эълон қилганди.

"Бизнинг Афғонистон Тинчлик кенгаши ва Толибон ўртасидаги музокаралар учун шартларимиз йўқ. Аммо, музокаралар асосини келишиб олганмиз. Асосий гап шуки - Қатарда бошланадиган музокаралар зудлик билан Афғонистонга кўчирилиши шарт. Иккинчидан, мазкур мулоқот Афғонистондаги ноқарорликларга барҳам бериши керак. Учинчидан, музокаралар ҳеч бир учинчи давлат томонидан ўзи ёки унинг Афғонистондаги манфаатлари учун фойдаланилмаслиги керак", деб айтган жаноб Карзай.

Афғонистон ҳукумати Толибон билан музокаралар йўлидаги саъй-ҳаракатлари муайян вақтдан бери олиб бораётганди.

Аммо, бунинг учун у толиблар зўравонликлардан воз кечиши ва мамлакат бош қонунини тан олиши лозимлигини айтганди.

АҚШ расмийлари сўзларига кўра, Толибон билан музокараларда маҳбуслар алмашинуви масаласи асосий баҳс мавзуси бўлади.

Толибон тарафи эса, токи Америко кучлари Афғонистонда қоларкан, жаноб Карзай ва ё унинг "қўғирчоқ ҳукумати" билан ҳеч қандай мулоқотга бормаслигини таъкидлаб келганди.

Афғонистондан ҳарбий таҳлилчи Мавлавий Абдулмўмин Макрид бу янгилик яхшилик аломати деган фикрни билдиради.