Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш НАТОдан миллий қўшинлар ихтиёрига ўтди

Image caption Вақт ўтган сайин Афғонистон армияси сони ва тажрибаси ортиб бормоқда

Афғон кучлари бутун мамлакат бўйича хавфсизлик назоратини НАТО қўшинларидан расман қабул қилиб олган.

Хавфсизлик назоратини хорижий кучлардан Афғонистон миллий армиясига топшириш жараёни 2011 йилда бошланган эди.

Бу ҳақда президент Ҳомид Карзай энг сўнгги 95 туман назорати НАТО ихтиёридан миллий армияга топширилишига бағишланган маросим пайтида эълон қилган.

Маросимдан бир оз аввал худкуш ҳужумчи Кобулда ўзи ва яна уч кишини портлатиб юборган.

Ҳужумчининг Афғонистон парламенти вакили ва ҳазоралар раҳбари Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқ бораётган машина карвонини нишонга олишга урингани ишонилади.

Жаноб Муҳаққиқ енгил жароҳат билан ҳужумдан омон қолган.

'Жасур ва содиқ'

Маросимни президент Карзай ҳам, НАТО қўшмони Андерс Фог Расмуссен ҳам Афғонистон учун тарихий ҳодиса дея баҳолашган.

"Бизнинг хавфсизлик ва мудофаа кучларимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашга етакчилик қилишади," - деб айтган жаноб Карзай Афғонистон хавфсизлик ва сиёсий лидерлари ҳамда хорижий мулозимлар иштирок этган маросимда. - "Бундан буён хавфсизлик учун масъулият ва раҳбарлик бизнинг жасур кучларимиз ихтиёрига ўтади."

Жаноб Расмуссен Афғонистон қуролли кучларининг "жасур ва содиқ" аскарлари ва "мамлакат ва халқни ҳимоя қилиш учун жонини фидо қилганлар"га ҳурмат бажо келтирган.

"Улар халқаро терроризмни Афғонистон тупроғида яна паноҳ топмаслиги жанг қилишди" - деб айтган у.

Шундай қилиб, 1989 йилда Совет қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан буён мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлаш илк бор Афғонистон ҳукумати етакчилик қилган кучлар ихтиёрига ўтмоқда.

Афғонистон хавфсизлик кучлари адади ўшандан буён 40 мингдан 350 мингга етган.

Бироқ, хавфсизликни таъминлаш вазифаси Афғонистон қўшинларига ўтиши баробарида маҳаллий кучлар орасида талафотлар сони кескин ортган, халқаро кучлар орасида эса кескин камайган.

Бу мавзуда батафсилроқ