Президент Карзай АҚШ билан Толибон музокараларидан норози

Фото муаллифлик ҳуқуқи ARG
Image caption Жаноб Карзай АҚШ унга нисбатан сотқинлик қилгандек ўзини ҳис қилмоқда.

Афғонистон ҳукумати хавфсизлик бўйича АҚШ билан олиб борилаётган икки томонлама келишув борасидаги музокараларни тўхтатиб қўяётганини айтган.

Бунга АҚШнинг 20 июн куни Қатарда Толибон билан тинчлик музокараларини бошлаётганини элон қилиши сабаб бўлган.

Бу музокараларга Афғон ҳукумати таклиф қилинмаган ва Кобулдаги Би-би-си мухбирига кўра, Президент Ҳомид Карзай АҚШ унга нисбатан сотқинлик қилгандек ўзини ҳис қилмоқда.

Президент Ҳомид Карзай Американинг Толибон билан тўғридан-тўғри музокара бошлаш режасидан ғазабда, АҚШ билан икки томонлама хавфсизлик битимини тўхтатиши билан таҳдид қилмоқда.

Толибон эса Карзай ҳукуматини қўғирчоқ ҳукумат деб атаб, Афғон ҳукумати билан музокара қилиш нияти йўқлигини айтмоқда.

Айни пайтда Кобул яқинидаги Багром ҳаво базасига ракеталар келиб тушиб, тўрт Америка ҳарбийси ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олган.

Куни кеча Қатарда Толибон идораси расман очилган ва Президент Ҳомид Карзайнинг Олий Тинчлик Кенгаши аъзолари ҳам Қатарга йўл олишлари ва Толибон вакиллари билан музокара қилишлари эълон қилинган эди.

Бу ҳақда Президент Карзай Афғонистондаги жанговор амалиётлар устидан назоратни НАТО кучлари Афғон қўшинларига топшириш муносабати билан ташкил қилинган тантанали маросимда айтди.

Бироқ энди жаноб Карзай Америка томонини Толибон бажариши керак бўлган амалларсиз мулоқот бошлаётганликда айбламоқда.

Би-би-си мухбири Жонатан Беллга кўра, жаноб Карзай ўйлагандики, Америка томони Толибон ҳаракатидан Афғон ҳукумати билан музокарага киришга розилиги ҳақидаги ваъдасини олади, Толибон Афғонистоннинг жорий конституциясини расман тан олади ва зўравонликдан воз кечиши ҳақида эълон қилади.

Бироқ уларнинг бирортаси бажарилмаган.

Айни пайтда Доха шаҳридаги Толибон идораси устида Толибон байроғи осилгани ҳамда бино пештоқига Афғонистон Исломий Амирлиги деб ёзилгани ҳам Афғон ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлган.

Толибон мамлакатни "Афғонистон Исломий Амирлиги" деб атайди, жаноб Карзай сўзчиси Аймал Файзий, биз бунга қаршимиз чунки Афғонистон Исломий Амирлиги, деган нарсанинг ўзи йўқ, деб айтган.

Жаноб Файзий айтишича, Американинг Афғонистонда тинчликни ўрнатиш йўлидаги сўзлари билан амаллари бир-бирига зид келмоқда.

Би-би-си мухбирига кўра, расмийлар ярашув томон "муҳим бир қадам" қўйилишини кутаётган соатларда Багромдаги Америка ҳарбий базасига ҳужум Толибон жангларни тўхтатиш ниятида эмаслигидан белгига ўхшайди.