Доҳа ваколатхонасидаги Толибон байроғи музокараларни савол остига қўймоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ваколатхона сешанба куни расман очилганди

Қатар пойтахти Дохада ўз ваколатхонасини очган Толибон билан музокаралар режаси Қўшма Штатлар ва Афғонистон ўртасида бўлинишларга сабаб бўлган.

Расмий Кобул музокараларга ўзи етакчилик қилишни истайди.

Вазиятни юмшатиш учун ўтган тун АҚШ Давлат котиби Жон Керри Президент Ҳомид Карзайга сим қоққан.

У Толибоннинг Доҳада очилган ваколатхонасидан байроқ ва Афғонистон Исломий Амирлиги деган лавҳа олиб ташланиб, ўрнига Тинчлик Музокаралари Бюроси деган ёзув қўйилишини айтганди.

Афғон расмийлари эса, бу етарли эмас деган фикрда.

Бугун Би-би-сига гапирган Афғонистон ҳукумати музокарачиси Муҳаммад Исмоил Қосимёр ўртадаги келишмовчилик Доҳадаги ваколатхонадан Толибон байроғини олиб қўйиш билан ечилмаслигини айтган.

Жаноб Қосимёрга кўра, Қатардаги идора Толибонни ташқи дунёга тақдим қилиш учун эмас, балки тинчлик музокаралари ўтадиган бир жой сифатида ишлатилиши кераклигини айтган.

"Токи, талабларимиз қондирилмас экан, биз Қатарга музокаралар учун бормаймиз", дея қўшимча қилган Қосимёр жаноблари.

Айни пайтда эса, Афғонистон ҳукуматининг норозилигига қарамай, Доҳадаги идорадан Толибон байроғи олиб ташланмаган.

Қатар пойтахтидаги Би-би-си мухбири калтароқ таёқ билан бўлса-да, байроқ ҳамон ҳилпираб турибди.

Мухбирларга кўра, сешанба куни ваколатхонанинг очилиши Толибон энди фақат қуролли гуруҳ эмас, балки унинг сиёсий қаноти ҳам борлигини англатади.

Аммо, мазкур ваколатхонанинг асл моҳияти ва қудрати атрофидаги келишмовчиликлар тинчлик жараёни қанчалар мушкулотлар билан кечишига бир ишора сифатида ҳам талқин қилинмоқда.

Чоршанба куни Ҳомид Карзай агар Қатар музокараларига етакчилик афғонларга берилмаса, уни бойкот қилиши ҳақида айтганди.

У 2014 йил НАТО чиқиб кетганидан кейин Америка кучларининг мамлакатдаги ҳозирлигига оид Қўшма Штатлар ва Афғонистон ўртасидаги тинчлик музокараларини ҳам тўхтатган.