Татаристонда 8 ёшли қизалоқни ўлдирганликда айбланган ўзбекнинг иши қайта кўрилади

20 июн куни Татаристон Олий Маҳкамаси 8 ёшли мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноий ишни қайта кўриб чиқади.

Олий Маҳкама матбуот котибаси Наталя Лосева матбуотга гапираркан, "иш ёпиқ эшиклар ортида жюри тарафидан" муҳокама этилишини айтган.

12 нафардан иборат ҳайъат 80 нафар номзод орасидан танлаб олинган.

Набережние Челни шаҳрида саккиз яшар қизалоқнинг ўлдириб кетилишида Ўзбекистонда туғилган фуқаро Фаррух Ташбаев айбланмоқда.

Ўзбекистонликнинг 30 ёшда экани, 2010 йилда у Татаристонга боргани хабар қилинганди.

30 ёшли Ташбаевга балоғатга етмаган шахсни ўғирлаш, жинсий таҳқирлаш, зўрлаш ва қотиллик айбловлари қўйилган.

2-синф ўқувчиси бўлган Василиса Галицина 2 феврал куни мактабдан қайтмаган. Унинг онаси бу ҳақда полицияга хабар берган.

Василисани топиш ишларида маҳаллий полиция, фавқулодда вазиятлар хизмати ходимларига кўмаклашиш учун минглаб кўнгиллилар қўшилишган.

Орадан тўрт кун ўтиб гумон қилинган шахс қўлга олинган, бироқ у қотилликни бўйнига олмаган.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, ўзбекистонлик билан бир камерада бўлган маҳбуслар "савол-жавоби" якунида у қизчани ўлдирганини тан олган.

Сўнг у полицияни қизнинг жасадини ташлаб кетган жойга етаклаб борган.

Хуллас, 6 феврал куни қизалоқнинг жасади қалин қор тагидан топилган.

Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, қизча ўлдирилишидан олдин зўрланган.

Экспертиза қиз ғойиб бўлганидан икки соат ўтиб ўлдирилган, деган хулосага келган.

Қизалоқнинг зўрлаб ўлдирилгани ҳақидаги хабар бутун Татаристонни ларзага солганди.

Бу мавзуда батафсилроқ