Эшиги барча учун бирдек очиқ масжид қандай бўлади?

  • 21 Июн 2013

Буюк британиялик бир гуруҳ мусулмонлар эркагу аёл ёнма-ён намоз ўқиши ва бесоқолбозларга ҳам эшиклари очиқ бўлган масжид очиш истагини билдиришган.

Барчани ўз ичига олувчи Масжид Ташаббуси ташкилотининг ўзи эса, ўтган йил ноябр ойида ўз фаолиятини бошлаган.

"Биз мусулмонларга намоз ўқиш ва бир-бирлари билан учрашишлари мумкин бўлган муқобил бир ер таклиф қилмоқчимиз", дейди ташкилот мувофиқлаштирувчиси Тамсила Тавкир.

"Улар сунний ёки шиа, анъанадор ёки бесоқолбоз, оилали ёки ёлғиз бўлишлари мумкин, биз ҳеч кимни камситмаймиз", дейди у.

Ташкилот, ҳатто, бу каби масжидларда аёл киши имомлик қилиши мумкин, демоқда.

Хос хоналари бўлмагани ёки эркак ва аёл алоҳида, алоҳида намоз ўқиши шарт, деб ишонилгани учунми, аксарият масжидларда аёллар жума намозларига имомлик қила олишмайди.

Аёл киши имомлик қилганда

Лондон шимолида бир гуруҳ мусулмонлар аёл киши имомлиги остида ўз намозларини ўқиб битиришди.

Намоз ортидан бошланиб кетган баҳсларининг асосий мавзуси эса, Ислом дини ва матбуотдаги салбий чиқишларга қарамай, одамлар нега ўз динларига бунчалар содиқ қолишаётгани ҳақида эди.

Лондонда жойлашган The Hittin Institute исломий тадқиқотлар маркази вакили имом Аднан Рашид бу ташаббус ҳақида умуман бошқача фикрда.

"Мусулмонлар асрлароша шаклланиб келган қадриятларга ишонишади ва улар ўзгармайди".

"Қуръон, пайғамбарона мавқеъ ҳам ўзгаришсиз қолади. Исломий тафаккур тарзи ва урф-одатлар ҳам ўзгармайди".

"Шундай экан, бу каби масжидларда қандай маъни бор,", дейди имом Аднан Рашид.

Би-би-си бу ташаббус ҳақида муносабатларини билиш учун Британия Мусулмонлар Кенгаши ва Масжиду Имомларнинг Миллий Маслаҳат Ҳайъатига ҳам боғланди.

Аммо ҳар икки ташкилот ҳам уни изоҳлашдан бош тортишди.

Британиядаги 60 га яқин масжидни намоён этувчи Ланкашир Масжидлар Кенгаши ҳам сўровимизга жавоб бермади.

Мусулмонлар ўзларининг ораларида эса, янги ташаббус қоришиқ муносабатга сабаб бўлди.

"Эркакларнинг эътиборини чалғитади"

Улардан бири билан суҳбатимиз Ланкаширдаги янги қурилган масжид ташқарисида кечади.

"Менимча, эркак ва аёлнинг масжидга бирга боришлари мақбул иш эмас. Бу эркакларни йўлдан уриши мумкин. Кимлардир аёллар билан чиқишолмайди. Шунинг учун ҳам, хотин-қизларнинг уйда намоз ўқиганлари маъқул", дейди Муҳаммад Шоҳид.

Дўсти Шазад Хон эса, эътиборини янги ташаббуснинг бошқа бир жиҳатига қаратади.

"Менимча, бесоқолбозларнинг масжидга киришларига изн бермаслик керак. Улар мусулмон эмаслар. Шундай экан, қандай қилиб намоз ўқишга боришлари мумкин?", дейди у.

Яна бир суҳбатдошимиз Али Нур буткул бошқача қарашни изҳор этади.

"Мен бунга яхши қарайман. Чунки барчага, айниқса, майиб-мажруҳларга бирдек имконият яратади. Бу ҳақда анча аввал ўйланиши лозим эди. Бироқ шу пайтгача бу иш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди".

"Эркак бошчи бўлиши керак"

Барчани ўз ичига олувчи Масжид Ташаббуси ташкилотининг Лондон шимолида бўлиб ўтган йиғини иштирокчилари эса, жамоаларининг муносабатидан қўрқиб, исм-шарифларини тилга олишимизни исташмади.

Аммо, улардан бирининг айтишича, "масжидларда патриархатлик билан боғлиқ муаммолар бор".

"Шунинг учун, аёлларнинг масжидларга киришларига изн берилган тақдирда ҳам, бошчилик қилишларига рухсат йўқ", дейди у.

"Уларнинг эркак орқали ўз овозларини эшиттиришлари лозим кўрилади. Менимча, бу - Исломга зид ва адолатдан эмас".

Ташаббусларингни кўпчилик қўллаб-қувватлармикан, деган саволимизга эса, бунга умид қилиб қолишини айтади.

Унга кўра, агар одамлар бошқа танлов имконияти борлигини билишса, ундан фойдаланишади.

Ҳатто, ташкилотимизга қўшилмаган тақдирларидан ҳам, бошқа масжидларга борувчиларнинг сонига таъсир қилиши мумкин, дейди у.

Йигирма ёшлардаги мусулмон талаба, "Қандай яшашни ўргатишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги, бу - кўпроқ одамнинг ўзи Исломни ўқиб, ўрганиб, бир хулосага келишига боғлиқ масала экани"ни таъкидлайди.

Байналмилал масжидлар

Буюк Британияда фойдаланувчилари сони озчилик эса-да, байналмилал масжидлар Ҳиндистоннинг Шринагари ва Малайзиянинг Куала-Лумпурига қадар кириб борган халқаро тармоқнинг бир қисми.

Бундан ташқари, улар АҚШ, Канада, Жанубий Африка, Австралия ва Швецияда ўзларини дастакловчи тармоқларга эгалар.

Уларнинг якуний мақсадлари эса, байналмилал масжидлар тармоғини яратиш.

Тавкир хоним ўзларининг амаллари гиж-гижловчи, деб кўрилиши мумкинлиги хавфини ҳам инкор этмайди.

"Айрим одамларнинг назарларида бу - зиддиятли амал. Аммо бизнинг қарашимиз бошқача. Биз ҳеч кимнинг кўксидан итармайдиган жойни барпо этмоқчимиз".

"Биз бош мусулмон жамоасига ўзимизнинг экстремист эмаслигимиз, аммо турфа тоифа инсонларни намоён этишимизни кўрсатмоқчимиз".

Бу мавзуда батафсилроқ