Намойишлар Бразилия раҳбариятини ислоҳот қилишга мажбурлади

Image caption Президент Русеф намойишчиларнинг талабларига қулоқ тутаётганини айтди

Бразилия Президенти Дилма Русеф мамлакат бўйлаб тарқалган аксил-ҳукумат намойишларга якун ясаш илинжида қатор ислоҳотларни эълон қилган.

Телевизион чиқишида Русеф хоним нақлиёт тизимига фойда келтирувчи янги режани ишлаб чиқиши, ҳамда нефть савдосидан келадиган барча даромад таълим соҳасига киритилишини айтган.

У, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун хориждан минглаб шифокорлар ёлланишини билдирди.

Аввалроқ президент намойишларни муҳокама қилиш учун вазирлар маҳкамасининг навбатдан ташқари йиғинини ўтказган.

Норозилик чиқишлари Сан Паолода метро ва автобус чипталарининг нархи оширилиши билан бошланган, бироқ тез орада мамлакат бўйлаб тарқалиб, коррупция ва полициянинг қаттиққўллиги каби муаммоларни ёритган.

Пайшанба оқшомида миллиондан ошиқ одам кўчаларга чиққанлар, баъзи шаҳарларда юз берган зўравонликларда ўнлаб намойишчилар жароҳат олишган.

Жума куни Рио де Жанейрода давом этган намойишларга мингдан ошиқ киши чиққан.

Гувоҳлар баъзи дўконлар талангани, ҳамда бўш турган маданият марказига бостириб кирилганини хабар қилишди. Полиция ўзига тош отилишига кўзни ёшлантирувчи газ билан жавоб берган.

Бразилия бўйлаб телевидение ва радио орқали узатилган мурожаатида Президент Русеф намойишчиларнинг хавотирларига қулоқ тутаётганини айтди.

Image caption Айни пайтда намойишлар давом этди

У тинч намойишларнинг етакчилари билан учрашишга ваъда берди, ва уларнинг "ҳиссаси, энергияси ва қобилияти"га муҳтож эканини билдирди.

Футбол атрофидаги ғазаб

Би-би-сининг Сан Паолодаги мухбири Гари Даффига кўра, Президент Русефнинг Бразилия раҳбари сифатида қилган энг қийин нутқида ярашувга чақириқлар сезилди.

"Мен давлат муассасалари янада шаффоф бўлиши, ноқонуний амалларга дош беришларини истайман", - деди у.

У келгуси йил Бразилияда Жаҳон Кубогини ўтказиш қарорни ҳимоя қилди.

"Биз меҳмонларимизни ҳурмат билан қарши оламиз ва ажойиб Жаҳон Кубогини ўтказамиз", - деди президент.

Жаҳон Кубогига сарфланаётган харажатлар борасидаги танқидларга жавоб бера туриб, Русеф хоним бу тадбирни спорт иншоотларидан фойдаланадиган ширкатлар молиялашини айтди.

"Мен бу пулнинг солиқ тўловчиларнинг пулидан олинишига ва ўз навбатида соғлиқни сақлаш ва таълим каби муҳим соҳаларга шикаст етказишига мутлақо йўл қўймайман", - деди у.

Намойишчилар келгуси йилги Жаҳон Кубоги олдидан ўтказилаёган саккиз жамоалик Конфедерация Кубогини ҳам нишонга олганлар.

Намойишчилар бу икки кубок ўйинлари учун белгиланган чипта нархлар ўта юқорилиги, ҳамда бу кубоклар ва 2016 йилги Олимпик ўйинларга сарфланаётган харажатлардан норозилик изҳор қилганлар.