Фаластинлик қўшиқчи "Arab Idol" танловида ғолиб бўлди

  • 23 Июн 2013
Image caption Ғазоликлар Муҳаммад Ассафнинг ғалабасидан чексиз руҳланишди.

Ғазодаги қочқинлар жамлоғидан чиққан қўшиқчининг жорий йилги Араб Айдол телевизион танловида ғолиб чиққани Фаластинда катта тантана қилинмоқда.

23 ёшли Муҳаммад Ассаф мусобақанинг сўнгги босқичга чиқа олган илк фаластинликдир.

У ўзининг ватанпарвалик руҳидаги қўшиғи ва ўзи ҳақидаги ҳикояси билан араб дунёсидаги ишқибозларнинг кўнглидан жой ола билган.

Президент Маҳмуд Аббос Муҳаммад Ассафнинг ғалабаси фахрланишга арзигулик эканини айтган.

Фаластин бўйлаб эса, кенг кўламли тантаналар бошланиб кетган.

Ватанпарварлик руҳидаги қўшиқнинг фидойилик ва орзу-истаклар билан йўғрилгани Муҳаммад Ассафга ғалаба келтирди, дейди танловни Ғазо шаҳридан туриб кузатган мухбиримиз Йоланде Кнелл.

Бироқ, кўплаб фаластинликлар унинг муваффақиятини шахсий келиб чиқиши ҳақидаги ҳикояга боғлашади.

Ғазодаги Хон Юнус қочқинлар жамлоғидаги камбағалгина оилада катта бўлган 23 ёшли Муҳаммад Ассаф аввал фақат тўй-томошаларда хизмат қилган.

Қўшни Мисрда ўтган Араб Idol қўшиқлар танловига боришга, чегарани кесиб ўтишга кўмаклашадиган қудратли таниш-билишлари бўлмаган. У қарийб танловдан қолиб кетаёзганди.

Аммо, танлов охирида Муҳаммад Ассаф ғолиб дея эълон қилинаркан, Ғазо бўйлаб ҳис-туйғулар жунбушга келди. Мушакбозлик, ёшларнинг тантаналари бошланиб кетди. Улар хурсандчиликдан кўчаларда рақсга тушдилар. Ишқибозлардан бири ушбу ғалаба сиртдан қарагандан кўра кўпроқ аҳамиятга эга эканини айтади.

"Муҳаммад Ассаф бутун дунёга бизнинг муждамизни йўллади. Биз жанг қилишни, урушни истамаймиз. Биз бошқалар каби ўз ҳақларимизга эга бўлишни истаймиз. Барча фаластинликлар беҳад хурсанд, биз учун шундай нарса зарур эди",- дейди.

Фаластин Президенти қўшиқчига дипломатик паспорт, шахсни тасдиқловчи ҳужжат берган. Бу унга яқин келажакда ишғол остидаги Ғарбий Соҳил боришга ва Ғазо бўлгасида ҳам қўшиқ куйлашга имкон беради.

Бу мавзуда батафсилроқ