Кашмирдаги алпинистлар жамлоғида тўққиз сайёҳ отиб ўлдирилган

  • 23 Июн 2013
Image caption 8000 метрлик Нанга-Парбат тоғ чўққиси алпинистларни ўзига тортиб келади.

Покистон шимолидаги тоғли ҳудудда камида 10 инсон, улар орасида 9 чет эллик сайёҳ отиб ўлдирилган.

Расмийларга кўра, Украина, Хитой ва Литвалик алпинистлар 8000 метрлик тоғ чўққисини забт этиш учун келган бўлганлар.

20 тача қуролли шахс сайёҳлар жойлашган меҳмонхонага бостириб кирганлар. Иккита гуруҳ - "Жундуллоҳ" сунний жангари гуруҳ ва Покистон Толибони ҳам ҳужум учун масъул эканларини эълон қилганлар.

Воқеа дунёдаги энг баланд чўққилардан бири Нанга-Парбат жамлоғи яқинида содир этилган. Маълумотларга кўра, сайёҳларнинг ҳаммаси Нанга-Парбат чўққисини забт этишга келган алпинистлар бўлишган.

Шу пайтгача сайёҳлар жамлоғи ҳудуди нисбатан тинч бўлиб, бу каби ҳужумлар кузатилмагани айтилади.

Хорижлик сайёҳлар ўлими ҳақида хабар берган маҳаллий полиция уларга ҳужум сабаблари маълум эмаслигини билдирган.

Украина Ташқи Ишлар вазирлиги беш фуқароси ўлдирилганини тасдиқлаган, Россиянинг Покистондаги элчилиги воқеа тафсилотлари ўрганилаётганини айтган.

Дастлабки хабарларда алпинистларнинг бири россиялик экани хабар қилинганди.

Хитойнинг Синхуа агентлиги хабар беришича, қуролланган жангарилар ухлаб ётган алпинистларни уйғотиб, ташқарига олиб чиқишган ва отиб ташлашган.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ва Бош вазир Навоз Шариф ҳужумни қоралаб чиқишди.

Жаноб Шариф ҳукумат бу каби шафқатсизлик билан асло муроса қилмаслигини билдирди.

Айни пайтда Нанга-Парбат жамлоғига элтувчи йўллар ёпилган. Қотилликдан сўнг яширинган жангарилар қидирилмоқда, деб хабар беради полиция.

Ҳужум

Эгнида полиция кийими бўлган ҳужумчилар Нанга Парбат жамлоғига ярим тунда бостириб киришган.

"Номаълум кишилар хорижлик сайёҳлар тунни ўтказаётган жамлоғга кириб ўт очишган", деб айтган полиция офицери Али Шер Рейтер агентлигига.

Қуроллилар алпинистларнинг пул ва ҳужжатларини олгач, уларни ўлдиришган.

"Воқеадан сўнг транспорт ҳаракати тўхтатилди, хорижликлар жасади тикучарлар орқали олиб кетилади", деб айтган Али Шер.

Гилгит ҳокими Саид Меҳди Шоҳ хавфсизлик чоралари кучайтирилганини маълум қилган. "Бу ҳудудга кўплаб сайёҳлар ташриф буюришади ва маҳаллий кишилар бундан пул ишлаб келишади. Бу ҳодиса нафақат шу жойдаги аҳволга, балки бутун Покистонга таъсир қилади", деган у.

Гилгит-Балтистон Покистоннинг Ҳиндистон билан узоқ вақтдан буён баҳсли Кашмир минтақасидаги катта ҳудуд саналади.

Кейинги пайтларда илгари нисбатан тинч ва сайёҳларнинг эътиборида бўлган ҳудуд ҳам бир қанча жангарилик ҳужумларига нишон бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ