Келин куёвга: 'Пардозим учун 300 доллар берасиз'

Image caption Дабдабали тўйлар Афғонистонда Толибон тузуми қудратда бўлган пайт тақиқланган эса-да, сўнгги йилларда яна урфга қайтгани кузатилади

Ўзбекистонда бўлгани каби Афғонистонда ҳам ёз - тўй мавсуми.

Бу пайтда тўйга боғлиқ тижоратлар катта пул ишлашади.

Дабдабали тўйлар Афғонистонда Толибон тузуми қудратда бўлган пайт тақиқланган эса-да, сўнгги йилларда яна урфга қайтгани кузатилади.

Қўша-қўша тилла тақинчоқлар, қўшалоқ келинлигу куёвлик либослари, келин ва яқинларининг "Гўзаллик" салонларидаги ясан-тусанлари, хонандаю созандалар, суратчи ва тасвирчилар, ҳашаматли "Лимузин"лар бугун Афғонистондаги никоҳ тўйларининг ажралмас бир қисмига айланган.

Айниқса, тўйхоналар ва келинларни ясантириб, пардоз қилувчи салонлар кўп даромад кўришади.

Масалан, битта келиннинг пардоз-андози 300 АҚШ долларидан кам бўлмайди.

Бу пулни эса, унча-мунча хонадон топиб беролмайди. Албатта, чўнтаги бақувватлари бундан мустасно.

Дейлик, мозори шарифлик Нодира хоним тўй куни келинининг пардози ўзларига нақ 15.000 афғоний (300 АҚШ доллари)га тушгани, бу эса тўйнинг бошқа сарф-харажатларига қараганда, кишини чақиб оладиган бўлганини айтади.

"Мозори Шарифда шундай гўзаллик салонлари борки, битта келиннинг пардози учун 300 АҚШ долларига қадар пул олади. Афғонистондек бир мамлакат учун бу – оилалар учун бир иқтисодий зарба, назаримда. Ўғлим ва келинимнинг хурсандликлари учун бир нима деёлмадим. Аммо, менимча, ҳам пардозчи ва ҳам бўлажак келин-куёвларга оғир ботмайдиган нарх тайин этилиши керак", дейди у киши мухбиримиз Сайёра Самадий билан суҳбатида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Агар, гўзаллик салонлари ходимларининг ўз сўзларига қаралса, кунига тўрттача келинни пардоз-андоз қилишади.

Улар эса, "Сўнгги пайтларда шаҳар масъуллари аралашиб, гўзаллик салонларидаги хизмат ҳақларини 5.000 афғоний қилиб белгилаб қўйишди. Биз ҳамма нарсамизни хориждан олиб келамиз. Бу нарх харажатларимизни қопламайди", дейишади.

Image caption Агар, ўз сўзларига таянилса, гўзаллик салони ходимлари кунига 500-600 афғоний пул топишади

Агар, ўз сўзларига таянилса, гўзаллик салони ходимлари кунига 500-600 афғоний пул топишади. Бу эса, ойига 300 АҚШ долларига тенг маблағ деганидир. Шундай экан, бошқа томондан, гўзаллик салонлари аёлларни иқтисодий қарамликдан халос этиши ҳам бор гап.

Мухбиримизнинг айтишича, кўпчилик гўзаллик салонларидаги нархлардан шикоят этаётган бўлишса, Афғонистонга четдан келган хорижий мижозлар умуман бошқача фикрда эканлар.

Дейлик, ўзининг Эрондан эканини айтган суҳбатдошимиз, "бу ерда сочини 200 афғонийга кестирган бўлса, ўз мамлакатида гўзаллик салонларига кириб- чиқиши бундан анча қиммматга тушишини"ни таъкидлайди.

Аммо, Афғонистонда келин қолиб, қолган хотин-қизларнинг ҳам тўйга пардоз-андозсиз бормасликлари назарда тутилса, хизмат нархларига қарамай, маҳаллий гўзаллик салонлари доимо мижозлар билан банд экан.

Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади.

Аммо, агар чўтга қоқилса, Афғонистонда битта никоҳ тўйининг сарф-харажатлари ўртача 20-25 минг АҚШ долларини ташкил этиб қоларкан.

Шунда ҳам, бу маблағ афғон оилаларининг бой ва камбағал эканига қараб фарқланади, дейишади мухбирларимиз.

Уларга кўра, эл-юрт гап қилади, мен сендан қоламанми, деб кимўзарга тўй қилаётган камбағал оилалар ҳам кўп ва улардан аксарияти битта тўйни деб, бошдан-оёқ қарзга ботиб кетишган.

Айнан ана шу қарзларидан қутилиш учун йиллаб қўшни давлатларда меҳнат муҳожирлигида банд афғонларнинг сони ҳам ортиб бормоқда, дейишади мухбирларимиз.

Бу мавзуда батафсилроқ