Президент Обама: Нелсон Манделанинг руҳий мадади бутун дунёни илҳомлантирган

АҚШ Президенти Барак Обама Африка қитъасидаги сафарини Преториядан бошлади.

Обама Жанубий Африкага мамлакатнинг собиқ президенти, ирқчиликка қарши курашган инсон Нелсон Манделага улкан ҳурматини билдириш учун ташриф буюрган.

АҚШ Президенти Преторияда Жанубий Африка президенти Жакоб Зума билан учрашган.

Ушбу учрашув Преториядаги шифохонада уч ҳафтадан буён қолаётган Нелсон Манделанинг саломатлиги борасидаги хавотирлар манзарасида кечган.

"Нелсон Манделанинг руҳий мадади бутун дунёни илҳомлантирди", деган Барак Обама ўз чиқишида.

Жанубий Африканинг биринчи қора танли президенти, Нобел мукофоти соҳиби Нелсон Мандела 8 июндан буён шифохонада бўлиб, оғир аҳволдалиги айтилмоқда.

Олдинроқ Обама 94 ёшли Манделага ҳурмати ва унинг яқинлари хоҳишига кўра касалхонага бориб кўрмаслигини билдирганди.

Преторияда қилган нутқида президент Обама Нелсон Мандела бутун ҳаёти давомида "қатъият кучи ва оддий одамлар иродаси"ни намойиш эта олганини таъкидлади.

Президент Зуманинг айтишича, ҳам Обама, ҳам Мандела "ўз мамлакатларида биринчи қора танли президент бўлиб, Африка ва бошқа қора танли жамоалардаги миллионлаб одамларнинг умидларини ўз елкаларига олишган. Иккала президент ҳам Нобел мукофотига сазовор бўлган".

Президент Обама жаноб Мандела билан ўзи сенатор бўлган 2005 йилда илк бор учрашгани ва талабалик пайтидаёқ жанубий африкалик жасур курашчи-Манделанинг образидан доимо илҳомланганини эслайди.

Унинг айтишича, "Манделага бутун дунёда қаҳрамон сифатида қаралади ва унинг мероси узоқ асрларгача сақланиши аниқдир".

Жанубий Африка Республикасидан сўнг жаноб Обама Мандела ҳаётининг 18 йилини Роббен қамоқхонасида ўтказган Сенегалга қараб учган.

Айни пайтда жанубий африкаликлар Мандела ётган касалхона олдида ибодат қилиб, унинг соғайишини тиламоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ