Франция полицияси TeliaSonera иши юзасидан бир неча рейд уюштирди

Image caption Францияда Гулнора Каримовага тегишли деб айтилаётган мулк ва муассасаларга рейдлар уюштирилган.

Франция полицияси TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистонга сармоя киритиши юзасидан очилган жиноий ишга боғлиқ бир неча рейдни уюштирган.

Коррупцияга боғлиқ жиноий иш марказида TeliaSonera шериги Takilant ширкати турипти.

Ушбу рейдлар Швециянинг ТТ Ахборот Агентлиги, SVT телеканали ва Швейцария матбуоти ҳамкорлигида ошкор этилган.

ТТ Швеция Ахборот Агентлигининг мухбири Ола Вестербергнинг ўз номини ошкор этишни истамаган манбага иқтибосан Би-би-сига айтишича, 18 июн куни Франция молия полицияси Швейцария полицияси билан ҳамкорликда "бир вақтнинг ўзида" бир неча манзилга рейд уюштирган.

Мазкур амалиётдан мақсад "ҳужжатларни қўлга киритиш ва балки манзилларни муҳрлаш бўлган".

Унинг илова қилишича, эндиликда TeliaSonera ва Takilant ширкатлари ўртасидаги ҳамкорликка оид текширув Франция ҳудудига ҳам "тарқалган ва янада чуқурлашиш эҳтимоли бор".

Рейд ҳақидаги хабарни Швейцария федерал прокуратураси ҳам тасдиқлаган.

"Мен бизнинг номимиздан Франциядаги бир неча жойга полиция рейди ўтказилганлигини тасдиқлайман," - деб айтган Швейцария Федерал Прокуратураси сўзчиси Жанетт Балмер.

У шунингдек мазкур тергов ишининг Ўзбекистонга алоқаси бўлган "ноқонуний пулларни ўзлаштириш"га боғлиқ эканини ҳам тасдиқлаган.

Бироқ Франция молия полициясининг айнан қайси манзилларни текширгани аниқ эмас.

Швейцария матбуотига кўра, Takilant ширкати ортида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова турипти.

Швейцария прокуратураси ҳозирда Takilant ширкатига тегишли 600 миллион доллар атрофидаги маблағни музлатган.

TeliaSonera ширкатининг Takilant ширкатига тўлаган миллионлаб доллар маблағи ҳам шу ерда экани ишонилади.

Швецияда мамлакатдаги энг йирик телеком ширкати - TeliaSonera-га қарши очилган жиноий ишда ҳозирда Гулнора Каримованинг ўзи ҳам гумонланувчи шахс сифатида кўрилмоқда.

Прокурорлар улар Каримова хонимнинг ДНКсини ҳам олишга ишончлари комил эканини айтганлар.

Швед журналистларининг ишонишича, Гулнора Каримова Парижда қимматбаҳо квартира ва Ривиера оромгоҳида жойлашган беш юлдузли меҳмонхонага эгалик қилади.

TeliaSonera Ўзбекистонда фаолият юритиш учун Takilant ширкатига пора бергани ҳақидаги хабарларни рад этиб келади.